Spotify энг содиқ мухлислар учун концерт чипталарини банд қилади

Spotify платформаси фойдаланувчиларнинг фаоллигини ошириш мақсадида янги функцияни ишга туширмоқда. Эндиликда бирор ижрочининг энг ашаддий мухлислари унинг навбатдаги шоуси учун чипталарни биринчилардан бўлиб банд қилиш имкониятига эга бўладилар. Компания бу орқали фойдаланувчиларни кўпроқ стриминг қилишга ва платформада фаолроқ бўлишга ундамоқда. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Spotify "ҳақиқий мухлис" тушунчаси учун аниқ мезонларни очиқламаган бўлса-да, бунда қўшиқларни эшитиш сони, уларни улашиш ва бошқа фаоллик сигналларидан фойдаланишини билдирди. Шу билан бирга, платформа ботлар ёки сунъий интеллект (AI) ёрдамида статистикани сохталаштиришга уринишларни қатъий назорат қилиб боради. Компания блогида таъкидланишича, таклифлар чекланган бўлиб, бу чипталарнинг чайқовчилар қўлига тушиб кетишининг олдини олади.
Саралаб олинган мухлислар электрон почта ва илова ичидаги билдиришнома орқали икки дона чипта сотиб олиш имконияти ҳақида хабар топадилар. Ҳозирча ушбу дастур АҚШдаги 18 ёшдан ошган фойдаланувчилар учун амал қилади ва уларга чипта харид қилиш учун тахминан бир кунлик махсус вақт берилади. Spotify чипталарни бевосита сотмайди, балки ҳамкор сайтлар орқали харид қилиш жараёнини осонлаштиради.
Ушбу лойиҳа жорий ёз мавсумидан бошлаб айрим танланган санъаткорларнинг янги эълон қилинган турлари доирасида йўлга қўйилади. Келгусида дастур кўламини кенгайтириш режалаштирилган. Маълумот учун, Spotify ўтган йили жонли тадбирларни излаш, маълум бир манзилларни кузатиш ва яқин атрофдаги концертларни плейлистлар орқали топиш каби бир қатор қулайликларни жорий қилган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!