Starlink Парагвайнинг чекка ҳудудларидаги мактабларни интернетга улади

SpaceX компанияси Парагвайнинг юзлаб қишлоқ мактаблари ва тиббиёт марказларини Starlink сунъий йўлдош интернетига улаш бўйича кенг кўламли лойиҳани бошлади. Мазкур лойиҳа мамлакат ҳукумати ва КОПАКО давлат оператори билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда. Режага кўра, илгари барқарор алоқа бўлмаган олис ҳудудларда 500 тагача уланиш нуқтаси ўрнатилади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ҳозирги вақтга келиб, Чако минтақасидаги Пресиденде-Аес ва Бокерон провинцияларида 18 та уланиш нуқтаси ишга туширилди. Айрим мактабларда, жумладан, туб жой аҳоли вакиллари таҳсил оладиган таълим муассасаларида интернет тезлиги 280 Мбит/с гача етмоқда, минимал кафолатланган кўрсаткич эса 200 Мбит/с ни ташкил этади. Кўплаб аҳоли пунктлари учун бу замонавий интернетдан фойдаланиш бўйича илк имкониятдир.
Янги инфратузилма рақамли таълимни кенгайтириш, давлат ижтимоий дастурлари ишини таъминлаш ва тиббиёт муассасаларини миллий соғлиқни сақлаш тизимига улаш имконини беради. Парагвай президенти Сантиаго Пена ушбу лойиҳани мамлакат тараққиёти ва рақамли тенгсизликни қисқартириш йўлидаги муҳим қадам деб атади. 500 та нуқтадан иборат тармоқни тўлиқ ёйиш 2026-йил охиригача якунланиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Starlink Кениядаги чекка мактабларни ҳам тармоққа улаган эди. Шунингдек, ушбу технология ёрдамида Боливиянинг 14 та олис мактабидаги 1000 дан ортиқ ўқувчи ва ўқитувчилар юқори тезликдаги интернетга эга бўлишган.





























Изоҳлар 0
…