NASA Ерга қулаётган телескопни қутқаришга киришди

NASA молиялаштирган махсус космик аппарат Ерга аста-секин яқинлашаётган Swift космик телескопини қутқариш учун фазога учирилди. Бу миссия космос тарихида илк бор амалга оширилаётган бўлиб, мутахассислар уни юқори хавфли, бироқ жуда муҳим операция сифатида баҳоламоқда.
Swift телескопи коинотдаги энг кучли портлашлар — гамма-нурли чақнашлар ва бошқа юқори энергияли космик ҳодисаларни кузатиш учун 2004 йилда учирилган. Бироқ сўнгги йилларда Қуёш фаоллигининг кучайиши туфайли Ер атмосфераси кенгайиб, телескоп орбитасига таъсир қила бошлади. Натижада у секинлашиб, аввалги 600 километрлик баландликдан тахминан 360 километргача тушиб кетган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, агар телескоп орбитаси 300 километрдан пастга тушса, уни сақлаб қолиш деярли имконсиз бўлади. Шу сабабли NASA уни қутқариш бўйича шошилинч операцияни бошлади.
Лойиҳани АҚШнинг Katalyst Space Technologies компанияси ишлаб чиққан LINK номли робот космик аппарати амалга оширади. Учта робот қўл билан жиҳозланган ушбу қурилма телескопга эҳтиёткорлик билан яқинлашиб, уни маҳкам ушлаши ва кейин двигателлари ёрдамида хавфсизроқ юқори орбитага кўтариши керак.
Мутахассислар операция жуда мураккаб эканини таъкидламоқда. Чунки Swift ҳаракатланаётган объект бўлиб, унинг орбитаси доимий равишда ўзгариб турибди. Шунинг учун LINK аввал телескопни ҳар томонлама суратга олади, энг хавфсиз ушлаш нуқтасини аниқлайди ва шундан кейингина робот қўллари билан уни тутишга ҳаракат қилади.
Очиқ университет олими доктор Симеон Барбернинг айтишича, бу миссия катта таваккалчилик билан боғлиқ бўлса-да, Swift инсоният учун ноёб илмий маълумотлар тақдим этаётгани сабабли уни сақлаб қолишга арзийди.

Агар барча босқичлар режа асосида ўтса, LINK кейинги икки-уч ой давомида телескопни секинлик билан яна 600 километр атрофидаги барқарор орбитага олиб чиқади ва у ўз илмий фаолиятини давом эттиради.
Мутахассислар фикрича, ушбу миссия муваффақиятли якунланса, келажакда бошқа машҳур космик аппаратлар, жумладан, Hubble телескопини ҳам шундай усулда қутқариш имконияти пайдо бўлиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…