АҚШда дунёдаги илк 3Д-принтерда босилган ядро реактори модули тақдим этилди

АҚШнинг Ампера стартапи энергетика соҳасида инқилобий қадам ташлаб, 3D-принтер ёрдамида тайёрланган дунёдаги биринчи тўлиқ ўлчамли ядро реактори модулини намойиш этди. Ушбу технология келажакда сунъий интеллект (AI) маълумотлар марказларини узлуксиз ва арзон энергия билан таъминлашда асосий ечимга айланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ампера томонидан ишлаб чиқилган ушбу қурилма завод шароитида йиғиладиган дунёдаги биринчи қаттиқ жисмли субкритик торий реактори сифатида тавсифланмоқда. ixbt.com маълумотига кўра, лойиҳанинг ўзига хослиги шундаки, у анъанавий уран ўрнига табиатда анча кенг тарқалган торий элементидан фойдаланади. Бу эса ядро энергетикасини хавфсизроқ ва барқарорроқ қилиш имконини беради.
Хавфсизлик ва инновацион конструкция
Реактор субкритик схема асосида қурилган бўлиб, у мустақил равишда занжирли реакцияни ушлаб тура олмайди. Жараённи давом эттириш учун ташқи нейтрон манбаи талаб этилади. Бундай ёндашув тизим хавфсизлигини кескин оширади, чунки реакциянинг назоратдан чиқиб кетиш ва портлаш хавфи деярли нолга тенглаштирилган.Қурилманинг яна бир муҳим жиҳати унинг қаттиқ жисмли конструкциясидир. Унда ҳеч қандай ҳаракатланувчи қисмлар мавжуд эмас, бу эса техник хизмат кўрсатишни соддалаштиради ва эксплуатация муддатини узайтиради. 3D-босма технологияси (аддитив ишлаб чиқариш) эса мураккаб деталларни яхлит ҳолда чиқариш ва ишлаб чиқариш харажатларини сезиларли даражада камайтириш имконини берган.
Сунъий интеллект ва саноат учун қувват манбаи
Ҳозирда намойиш этилган намуна муҳандислик модули бўлиб, у ҳали электр энергияси ишлаб чиқармайди. Бироқ келажакда у 30 МВ қувватга эга бўлган йирик энергетик қурилманинг бир қисмига айланиши режалаштирилган. Тизим иссиқликни қайта ишлаш (рекуперация) технологияси билан ҳам жиҳозланади.Ишлаб чиқарувчилар ушбу реакторларни қуйидаги соҳаларда қўллашни мақсад қилган:
- Сунъий интеллект (AI) билан ишловчи йирик маълумотлар марказлари;
- Саноат корхоналари ва ишлаб чиқариш мажмуалари;
- Мудофаа тизимлари ва ҳарбий объектлар;
- Денгиз кемалари ва узоқ масофали транспорт воситалари.
Ампера компанияси ҳозирча тижорий фойдаланиш муддатларини очиқламаган бўлса-да, заводда серияли ишлаб чиқариладиган модулли ядро қурилмаларини бозорга биринчилардан бўлиб олиб чиқишни режалаштирмоқда. Бу каби ихчам ва хавфсиз реакторлар келажакда Ўзбекистон каби энергия танқислиги сезилаётган ҳудудларда саноатни ривожлантириш учун муқобил ечим бўлиши мумкин.






























Изоҳлар 0
…