Ростех 2 километр масофадан объектларни таний оладиган янги тепловизорни тақдим этди

Россиянинг “Росел” холдинги (“Ростех” таркибига киради) тунги кўрув ва иссиқликни аниқлаш технологиялари соҳасида янги қадам ташлади. Компания мутлақо қоронғулик, қуюқ туман ва тутун шароитида ҳам юқори аниқликда ишловчи “Сич-3K” тепловизион монокулярини намойиш этди. Мазкур қурилманинг асосий ўзига хослиги унинг рекорд даражадаги кузатув масофасидир. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Ишлаб чиқарувчининг маъумотига кўра, янги қурилма икки километргача бўлган масофада объектларни нафақат пайқаш, балки уларни аниқ идентификация қилиш имконини беради. Бу шунчаки иссиқлик доғини кўриш эмас, балки узоқдаги жисмнинг нима эканлигини — одам, ҳайвон ёки техника эканини фарқлаш даражасидаги аниқликни англатади.
Фуқаролик мақсадлари учун кенг имкониятлар
“Росел” вакилларининг таъкидлашича, икки километрлик масофа маркетинг учун ўйлаб топилган рақам эмас, балки реал ишчи кўрсаткичдир. “Сич-3K” асосан фуқаролик соҳалари учун мўжалланган бўлиб, у қидирув-қутқарув операцияларида бебаҳо ёрдамчига айланиши кутилмоқда. Масалан, ўрмонлар ёки тоғли ҳудудларда йўқолган одамларни қидиришда ушбу мослама вақтни тежаш ва самарадорликни оширишга хизмат қилади.Шунингдек, қурилма саноат ва энергетика соҳаларида ҳам қўлланилиши мумкин. Унинг ёрдамида йирик объектлардаги иссиқлик изоляцияси нуқсонларини, электр ускуналарининг ҳаддан ташқари қизиб кетишини ёки қувурлардаги сизиб чиқишларни авария ҳолати юзага келмасидан олдин аниқлаш мумкин. Бу эса йирик саноат корхоналари учун хавфсизликни таъминлашда муҳим омил ҳисобланади.
Техник хусусиятлар ва чидамлилик
Янги тепловизор замонавий технологик ечимлар билан бойитилган. Қурилма қуйидаги техник имкониятларга эга:- 1x, 2x ва 4x режимларига эга рақамли яқинлаштириш (зоом) тизими;
- Тасвирни юқори сифатда кўрсатувчи рангли OLED-дисплей;
- Намлик ва ташқи таъирлардан ҳимояланган мустаҳкам корпус;
- -20 дан +50 даражагача бўлган ҳарорат оралиғида барқарор ишлаш қобилияти.
Хулоса қилиб айтганда, “Сич-3K” модели замонавий оптика ва иссиқлик датчиклари уйғунлигини ўзида мужассам этган. Унинг ёрдамида объектларни узоқ масофадан аниқлаш имконияти хавфсизлик ва қутқарув хизматлари ишини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиши кутилмоқда. Ҳозирда қурилманинг оммавий сотувга чиқиш муддатлари ва нархи бўйича қўшимча маъумотлар кутилмоқда.






























Изоҳлар 0
…