Windows 11 да об-ҳаво иловаси оператив хотирани ҳаддан ташқари кўп истеъмол қилмоқда

Windows 11 тизимидаги стандарт об-ҳаво иловаси ишлаш жараёнида 1,5-1,6 гигабайтгача оператив хотира истеъмол қилиши аниқланди. Дастур ишга тушганда тахминан 1 гигабайт хотирани банд қилади, кейин бу кўрсаткич 600 мегабайт атрофига тушади, фойдаланиш давомида эса ҳатто деярли ишлатилмаган ҳолатда ҳам 500 мегабайтгача RAM эгаллайди.
Windows 11 операцион тизимининг стандарт «Об-ҳаво» иловаси мутахассисларни ҳайратда қолдирди: у бажарадиган вазифаларига нисбатан жуда кўп оператив хотира талаб қилиши маълум бўлди. ixbt.com маълумотига кўра, мустақил синовлар давомида мазкур дастур истеъмол қиладиган RAM миқдори 1,5–1.6 гигабайтгача етгани аниқланди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Синов натижаларига кўра, дастур ишга тушиши биланоқ тахминан 1 гигабайт хотирани банд қилади, бироздан кейин бу кўрсаткич 600 мегабайт атрофига тушади. Бироқ амалда фойдаланиш давомида юклама кескин ошиб кетиши кузатилган.
Хотира сарфи ва унинг асосий сабаблари
Ҳатто дастур деярли ишлатилмаган ҳолатда ҳам доимий равишда 500 мегабайтгача оператив хотирани банд қилиб туради. Харита масштабини ўзгартириш ва бошқа фаол ҳаракатлар бажарилганда эса бу кўрсаткич 1,5–1,6 гигабайтгача сакраши қайд этилган. 32 гигабайтли замонавий компьютерлар учун бу ҳолат сезилмаслиги мумкин, бироқ 8 гигабайт RAM'га эга қурилмаларда битта кичик виджет бутун тизим ресурсининг беш қисмидан бирини эгаллаб олиши аниқланди.Мутахассислар бундай юқори истеъмол сабабини Windows 11 иловасининг замонавий архитектураси билан изоҳламоқда. Дастур МСН веб-контенти билан чамбарчас боғланган бўлиб, ўз ичига кўплаб ахборот ва реклама блокларини қамраб олган. Таққослаш учун, macOS тизимидаги шундай об-ҳаво иловаси 250 мегабайтдан кам RAM талаб қилади, бу эса Windows-аналогидан бир неча баробар камдир.
Тизим ишига таъсири ва ечимлар
Хотира етишмаган ҳолатда Windows операцион тизими SSD хотирасидаги захира файлидан фаол фойдаланишга мажбур бўлади. Бу эса дастурлар ўртасида ўтишда ва кундалик вазифаларни бажаришда кечикишларга сабаб бўлади. Қизиғи шундаки, мазкур муаммо Microsoft компаниясининг 8 гигабайт хотирали бюджет компьютерлари учун Windows 11 самарадорлигини ошириш режалари фонида янада яққол кўзга ташланмоқда.Агар операцион тизимнинг ўзи тежамкорроқ ишлай бошлаган тақдирда ҳам, шундай ресурс талаб қилувчи стандарт иловалар барча тежамкорликни йўққа чиқариши мумкин. Агар фойдаланувчига ушбу об-ҳаво иловаси керак бўлмаса, уни Windows 11 созламалари орқали ўчириш ёки фонда ишлашини чеклаш тавсия этилади. Шунда дастур фойдаланувчи ўзи очмагунча оператив хотирани банд қилмайди.






























Изоҳлар 0
…