YouTube монетизация шартларини кескин кучайтирмоқда

2027-йилнинг 1-февралидан YouTube янги каналлар учун даромад олиш талабларини оширади: Партнер Програмга қўшилиш учун 8 минг соат томоша вақти ёки Шорц видеоларида 20 миллион кўриш талаб этилади. Ҳозирги тартибда эса 1 минг обуначи, бир йил ичида 4 минг соат томоша ёки уч ойда 10 миллионта Шорц кўриши кифоя. Янги қоидалар фақат янги каналларга тааллуқли бўлиб, ҳамкорлик дастурига аллақачон уланган муаллифлар учун аввалги шартлар сақланади.
Видеохостинг бозори етакчиси бўлган YouTube платформаси контент яратувчилар учун даромад топиш шартларини сезиларли даражада қатъийлаштирмоқда. ixbt.com маълумотига кўра, 2027-йилнинг 1-февралидан бошлаб янги каналлар реклама ва обуналардан пул ишлашни бошлаши учун талаб этиладиган кўришлар сони икки бараварга оширилади. Ушбу ўзгаришлар платформадаги рақобат кучайгани ва аудитория фаоллиги ошгани билан изоҳланмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Янги қоидаларга мувофиқ, келгусида ҳамкорлик дастурига (Партнер Програм) қўшилишни истаган муаллифлар охирги 12 ой давомида 8 минг соатлик томоша вақтини тўплаши керак бўлади. Шунингдек, Шортс форматидаги видеолари учун эса охирги 90 кун ичида 20 миллион марта кўриш кўрсаткичига эришиш талаб этилади. Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, ҳозирча 1 минг обуначи ҳамда бир йил ичида 4 минг соатлик томоша ёки уч ойда 10 миллионта Шортс кўриши кифоя қилаётган эди.
Янги қоидалар кимларга таъсир қилади ва Шортс учун қандай шартлар бор?
Мазкур янгиликлар фақатгина янги уланувчи каналларга татбиқ этилади. Платформада аллақачон муваффақиятли фаолият юритиб, ҳамкорлик дастурига уланиб бўлган амалдаги муаллифлар учун аввалги шартлар сақлаб қолинади. Бу эса тажрибали ижодкорларнинг даромад барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.Шу билан бирга, Шортс модули орқали даромад олишни давом эттириш учун алоҳида шарт жорий этилмоқда. Муаллифлар ҳар 90 кунда камида 10 миллионта кўриш кўрсаткичини доимий равишда сақлаб туриши шарт. Агар кўрсаткич бу чегарадан пастга тушиб кетса, каналдаги оддий видеолардан тушадиган даромад сақланиб қолади, бироқ Шортс учун тўловлар кўрсаткич қайта тиклангунича вақтинча тўхтатилади.
YouTube раҳбарияти ушбу қадамни платформа аудиториясининг улкан ўсиши билан изоҳлади. Ҳозирги кунда фойдаланувчилар кунига 200 миллиарддан ортиқ Шортс видеоларини томоша қилишмоқда. Бундан ташқари, телевизор экранларида YouTube хизматини кўриш вақти кунига 1 миллиард соатдан ошиб кетгани қайд этилди.
Мазкур ўзгаришлар фонида YouTube Премиум Lite обунасини хизмат мавжуд бўлган барча мамлакатларда кенгайтириш ишларини олиб бормоқда. Бундай обуна турларидан тушадиган маблағлар муаллифлар ўртасида уларнинг контенти қанча вақт томоша қилингани ва кўришлар ҳажмига қараб адолатли равишда тақсимланади.






























Изоҳлар 0
…