«iPhone X» ва «Galaxy S9+»нинг самарадорлик бўйича «жонли» беллашуви: кутилмаган натижа!

  • 10-03-2018, 22:32
  • 1 726
  • Технология
  • «iPhone X» ва «Galaxy S9+»нинг самарадорлик бўйича «жонли» беллашуви: кутилмаган натижа!
    Айни дамда дунёдаги энг етакчи смартфонсозлар «Apple» ва «Samsung» эканлиги маълум. Хўш, уларнинг энг сўнгги флагманлари – «iPhone X» ва «Galaxy S9+» моделларининг самарадорлиги, амалда ишлаш тезлиги қай даражада?

    «Терабайт» нашрининг ёзишича, «Tom’s Guide» сайти шарҳловчилари бу масалага жиддий қизиқиб қолишди ва етакчи смартфонларни «жонли» тарзда, яъни амалда ишлатиб кўриб, тезлигини ўзаро таққослашди.

    Аввало, синтетик тестлардаги кўрсаткичларга назар солсак. Мобил қурилмаларнинг умумий самарадорлигини баҳоловчи «Geekbench 4» бенчмаркида кўп ядроли режимдаги синовда «iPhone X» модели 10357 балл, «Galaxy S9+» эса атиги 8295 очко олган. «OpenGL ES 3.0» бенчмаркида эса, «Unlimited» режимида купертинолик флагман 4994 балл, унинг жанубий кореялик рақиби эса 4634 балл тўплаган. «Samsung» флагмани фақат «3DMark Sling Shot» тестидагина юбилей айфонидан юқори очко олган: тегишлича 5793 ва 3998 очко.

    Хуллас, «Tom’s Guide» тестлари натижаси қизиқ чиқди. Икки дақиқалик видеофайлни «Adobe Premiere Clip» ёрдамида қайта кодлаш (перекодировка) учун «iPhone X» атиги 42 сония вақт сарфлади. «Galaxy S9+»га эса айни шу вазифани бажариш учун 2 дақиқаю 32 сония керак бўлди. Шунингдек, «Injustice 2» ўйинини очиш учун «Apple» флагманига 13 сония кифоя қилди, «Galaxy S9+» эса бу ишни 20 сониядагина уддалай олди.

    Бу синовларда «iPhone X» яқиндагина тақдим этилган «Galaxy S9+»га нисбатан тезроқ ишлаши аён бўлди.

    » » «iPhone X» ва «Galaxy S9+»нинг самарадорлик бўйича «жонли» беллашуви: кутилмаган натижа!