Фото: Marie Claire

Иссиқ мавсум ва очиқ ҳавода етарли миқдорда сув ичиш барчанинг ёдида бўлиши табиий, аммо куз келиши билан кўпинча организмнинг ёрдамга муҳтожлиги унутилади. Организмни тинглаш ва ўз вақтида чанқоқни қондириш орқали уни сув билан таъминлаш мумкин, аммо кузда сув балансини сақлаб қолишнинг яна бир неча йўли мавжуд. Marie Claire организмда сув балансини сақлаб қолишга ёрдам берадиган тавсиялар билан бўлишди.

Нима учун сув балансини кузатиш керак?

Инсон организми асосан сувдан иборат, шунинг учун у сифатли ҳаёт, жисмоний ва ақлий фаолият учун зарурдир. Организмдаги сув балансининг пастлиги соғлиқ, бош оғриғи, чарчоқ ва концентрацияни йўқотишга олиб келиши мумкин. Сувсизланиш организмни вирус ва микробларга нисбатан кўпроқ сезгир қилади, шунинг учун етарли миқдорда сув ичмайдиганларда касал бўлиш эҳтимоли кўпроқ. Агар кузда касал бўлмасликни ва иммунитетни қўллаб-қувватлашни истасангиз, сув баланси ва рационни кузатиб бориш керак.

Чанқашни кутманг

Чанқоқ организмдаги сув балансини сақлашнинг муҳим механизми бўлиб, у сув керак бўлганда нерв марказларини қўзғатишга жавобан пайдо бўлади. Сувга бўлган талаб ортиб бориши билан чанқоқ ҳисси кучаяди. Яъни чанқоқ ҳис қилинганда, организм аллақачон сувсизланган бўлади.

Кун давомида ҳар соатда бир оз сув ичишга ҳаракат қилиш лозим. Буни ёдда тутиш учун стол ёнида сув идишини сақлаш ёки смартфонга эслатма ўрнатиш мумкин. Агар фақат чанқагандагина сув ичилса, у ҳолда организмда сувсизланиш юзага келиши мумкин.

Кўпроқ тоза сув ичинг

Совуқ мавсумда бир чашка қаҳва ёки иссиқ чой етарли бўлиши мумкин, лекин сувни бундай ичимликлар билан алмаштириш шарт эмас. Уларда мавжуд бўлган кофеин диуретик сифатида ҳаракат қилиши ва суюқликни йўқотишга олиб келиши мумкин. Оддий ичимлик суви чанқоқни қондиришнинг энг яхши вариантидир.

Рационда мева ва сабзавотлар миқдорини оширинг

Мева ва сабзавотлар организм учун қўшимча сув манбаи бўлиб, суюқлик ичилмаганда қўл келади. Бодринг ва салат барги 96 фоиз сувдан иборат бўлиб, улар озиқ модда ва витаминлар конидир.

Рационга кўпроқ сут маҳсулотларини киритинг

Сут ва сут маҳсулотлари гидрация учун жуда яхши, чунки улар 85-90 фоиз сувдан иборат. Уларни рационга киритиш орқали ичак фаолиятини яхшилаш мумкин.

Денгиз тузидан фойдаланинг

Кузда овқат пиширишда ош тузини эмас, балки денгиз тузини қўллаш яхшироқ. Натрий хлориддан ташқари, унинг таркиби организмнинг иммунитет тизимини қўшимча равишда қўллаб-қувватлайдиган кўплаб элементларни ўз ичига олади.

Совуқ сув ичманг

Организм совуқ сувни ассимиляция қилиш учун кўпроқ энергия сарфлаши керак. Шунингдек, совуқ сув истеъмол қилиш ошқозон-ичак трактидаги томирларнинг сиқилишига олиб келади ва овқат ҳазм қилишни секинлаштиради. Шунинг учун хона ҳароратида сув ичиш тавсия этилади.

Сувга лимон ёки бодринг қўшинг

Оддий сувнинг таъмини ҳамма ҳам ёқтиравермайди. Аммо унга бодринг ёки лимон қўшиб ҳам ичиш мумкин. Сувни нафақат мазали қиладиган, балки уни рух ва магний каби фойдали элементлар билан бойитадиган махсус филтрлардан фойдаланиш янада самаралироқдир. Бу стрессни енгишга, асабий тарангликни камайтиришга ёрдам беради, қолаверса, салқин мавсумда организм саломатлигига ҳам ҳисса қўшади.