Фото: Красметро.медиа
Депрессия узоқ вақт мобайнида ўта тушкун кайфият, фикрлар карахтлиги ва ҳар қандай онгли фаолиятга бўлган интилишнинг сўниши билан кечувчи касалликдир. Аёллар эркакларга қараганда икки баробар кўпроқ тушкунлик касаллигига чалинади.
Агар ўзингизда депрессияга хос белгиларни аниқласангиз, тўғри ташхис қўйиш учун психиатр билан маслаҳатлашинг. У сизнинг аҳволингизни тушунишга ёрдам беради, фармакологик ва психотерапевтик даволаниш усулларини таклиф қилади ҳамда интернетдаги турли мақолалар бера олмайдиган индивидуал тавсиялар билан бўлишади.
Психиатр кўригига боришнинг иложи бўлмаганда биз ўзимизга қандай ёрдам беришимиз мумкин?
Психогигиена
Фото: Wday
Аввало психогигиена деб аталувчи ва бизнинг фаровонлигимиз асосини белгилаб берувчи турмуш тарзига эътибор қаратиш лозим. Психогигиена қуйидагиларни ўз ичига олади:
- уйқу тартиби ва гигиенаси — тахминан бир хил вақтда уйқуга ётиш ва уйғониш, уйқу пайтида имкон қадар сукунат ва қоронғиликни таъминлаш ҳамда етарли миқдорда (7-8 соат) ухлаш;
- вақтида овқатланиш — фойдали, тўйимли ва хилма-хил овқатланиш;
- жисмоний фаолият — ЖССТ кунига ярим соат юришни ва ҳафтада 2-3 та севимли жисмоний машғулот билан шуғулланишни тавсия қилади;
- меҳнатдан сўнг дам олишни билиш — ўзингизга ҳаддан ташқари ишлар ва вазифаларни юкламаслик, дам олиш кунларини иш билан ўтказмаслик ҳамда таътилга чиқишни унутмаслик;
- алкоголь ва бошқа психикага таъсир қилувчи моддалардан воз кечиш — бундай ичимликларни истеъмол қилиш кайфият учун жавоб берадиган биологик фаол моддалар етарли миқдорда ишлаб чиқарилишига йўл бермайди ва натижада кайфият янада пасая бошлайди;
- тартиб — руҳий гигиена тамойилларидан бири бу атроф-муҳитни ҳам, қалбни ҳам бирдек тоза сақлашдир. Уйда шунчаки кичик юмушни бажариш, гўзаллик, тозалик каби натижани кўриш инсонга ўзидан қониқиш ҳиссини беради;
- ҳобби — иш, оила ва бошқа юмушлардан ташқари инсонга қувонч ва хотиржамлик олиб келадиган бирор машғулот бўлиши керак. Ҳобби бизга ишимиздан завқланишга ёрдам беради. Бу ҳис-туйғулар эса инсонга руҳан куч бағишлайди ва кайфиятни кўтаради. Ҳоббига мисол тариқасида оддий китоб ўқиш, тоза ҳавода сайр қилиш, ижодий фаолият билан шуғулланиш, ўзингизга қизиқ мавзу бўйича подкаст тинглаш ёки видеолар орқали янги билимларни эгаллаш, табиатни томоша қилиш, янги рецепт асосида бирор таом пишириш кабилар бўлиши мумкин.
Ҳиссий эҳтиёжларни тинглай олиш ва уларни амалга ошириш
Фото: Whаt tо eхpеct
Инсонда ҳайвонларда фарқли равишда нафақат жисмоний, балки ҳиссий эҳтиёжлар ҳам мавжуд. Уларни тушуна олиш, қалбга қулоқ солиш муҳим. Бундай эҳтиёжларга мисол тариқасида меҳр-муҳаббат бериш ва қабул қилиш, ҳис-туйғуларни ифодалаш, мулоқот қилиш, далда олиш кабиларни келтириш мумкин. Уларни бееътибор қолдирмаслик бизнинг фаровонлигимиз, ривожланишимиз ва ҳаёт сифатимизга таъсир қилади. Бу иш баъзиларга мураккаб туюлиши мумкин. Бундай ҳолатда сизга психолог ёки психотерапевт билан ишлаш ёрдам беради.
Барчамиз ички хавотир ва тушкунлик негизида айнан нима сабаблар ётганини англаш, уни тушунишни ўрганиш ва ички мулоқот орқали қалбдаги зиддиятларни камайтиришни ўрганишимиз лозим. Шунда тушкунлик, депрессив хаёллар келиб чиқишининг олдини оламиз ҳамда уни енгишда қандай қуролдан фойдаланиш кераклигини билиб оламиз. Асосийси, ҳаётимиздаги энг муҳим одам — ўзимизга ғамхўрлик қилишни унутмасак бас. “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
Ўмон султонлиги элчиси: «Урушларни ҳарбий куч билан ҳал қилиб бўлмайди»
Қозоғистон Украина атрофидаги вазият туфайли ҳарбий ва фуқаролик объектлари хавфсизлигини кучайтирди
Шавкат Мирзиёев Россия бош прокурори билан учрашув ўтказди
Бефойда ва қиммат: шифокорлар тавсия этмайдиган 5 турдаги биологик фаол қўшимчалар
22 ноябрь куни Cobalt автомобилига шартнома очилиши эълон қилинди
Зеленский Путин борасида баёнот берди: “Тинчликни истаганлар юзига тупурмоқда”