16:00 / 27.11.2024
17

Тишлар саломатлигига путур етказадиган 6 та маҳсулот

Тишлар саломатлигига путур етказадиган 6 та маҳсулот
Биз нима есак, ўшамиз. Буни айтганда Гиппократ мутлақо ҳақ эди. Бугунги кунда дўкон расталарида хилма-хил маҳсулотлар таклифи бўлган пайт инсонлар доим ҳам соғлом овқатланиш тартибига риоя этмайди. Бу эса тишлар саломатлигида акс этади. Тишлар кўринишининг ўзгаришига гигиена қоидаларига риоя қилмасликдан ташқари айрим маҳсулотлар истеъмоли ҳам таъсир қилади. Улар ҳақида эса қуйида маълумот бериб ўтамиз.

Нордон ширинликлар

Ширинликлар оғиз бўшлиғидаги бактерия ва микроорганизмларнинг “севимли овқатидир”. Улар шакардан ҳаёт учун энергия сифатида фойдаланади. Натижада турли кислоталар пайдо бўлиб, тиш эмалидан минералларни ювиб кетади ва кариес ҳосил бўлади.

Фото: Тhe Voice
Айниқса, ширинликлар орасида нордон мармелад ва конфетлар тиш саломатлигига кўпроқ хавф туғдиради. Чунки уларнинг таркибида бир неча турдаги кислоталар мавжуд. Шунингдек, бундай ширинликларнинг ёпишқоқ бўлиши тишларда узоқроқ вақт қолиб кетишига имкон беради. Агар кунингизни бирор ширинликсиз тасаввур эта олмасангиз, бир бўлак қора шоколад билан тамадди қилганингиз маъқул.

Газланган ичимликлар

“Шакар қўшилмаган” ёки “парҳезбоп” газли ичимликлар деб аталишига қарамай, бундай ширин маҳсулотларнинг бари зарарли кислоталар ажратадиган бактерияларни кўпайтириб юборади. Бу эса тишларнинг сарғайишига олиб келади. Қолаверса, газланган ичимликлар тишнинг кўринишини ўзгартириш билан чекланмай, кариес пайдо қилади ва эмал остидаги дентин қатламини шикастлайди.

Фото: Тhe Voice
Тишлар саломатлиги ҳақида қайғурсангиз, газланган ширин ичимликлар ўрнига сув, чой, ёки газли сув каби ичимликларга урғу бериш тавсия қилинади.

Спиртли ичимликлар

Спиртли ичимликлар оғиз бўшлиғини қуритиб юборади. Сўлак безларининг етарли миқдорда суюқлик ишлаб чиқармаслиги натижасида табиий равишда тишлар тозаланишига таъсир қилади. Бундан ташқари, алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилиш яраларнинг шаклланишига ва нормал микрофлоранинг бузилишига олиб келади, бу эса инфекциялар ва яллиғланиш жараёнлари кўпайишига олиб келади. Шу сабабли ҳар қандай ҳолатда спиртли ичимликларни истеъмол қилишни чеклаш тавсия этилади.

Цитрус мевалари

Фото: Тhe Voice
Апелсин, грейпфрут ва лимон каби C витаминига бой цитрус мевалари кислота даражаси ҳам юқоридир. Улар тиш эмалига салбий таъсир кўрсатиши, кариес ҳосил бўлиш хавфини ошириши мумкин. Шунингдек, цитрус меваларни истеъмол қилгандан кейинги сарғайишни тиш ювиш пастаси ҳам бартараф қила олмаслиги мумкин. Шу боис уларни бошқа таомлар билан овқатланиш вақтида истеъмол қилиш тавсия этилади.

Қуритилган мевалар

Фото: Тhe Voice
Қуритилган мевалар фойдали маҳсулот бўлишига қарамай, улар таркибидаги шакар тишлар учун зарарлидир. Ўрик, анжир қоқиси ва майиз кабилар тишларга осонгина ёпишади, улар орасига ёпишиб қолади ва бактериялар ривожланиши учун идеал муҳитини яратади. Шу сабабли қуритилган мевалар истеъмолидан сўнг тишларни тозалаш ёки ҳеч бўлмаганда сув билан чайқаш лозим.

Нон маҳсулотлари

Фото: Тhe Voice
Нон маҳсулотлари, турли пишириқлар, печене ва круассанлардаги шакар ёпишқоқ хусусиятга эга бўлгани учун тишларда узоқроқ вақт қолади ва оғиз бўшлиғидаги бактериялар улардан энергия олиб, кислота ишлаб чиқаради.

Қотирилган нон, писта, чипс ва ёнғоқлар оғиз бўшлиғининг шиллиқ қаватини шикастлаши ва ҳатто тишларни қисман синдириши мумкин. Бундай маҳсулотларни истеъмол қилишни чеклаш ёки егандан сўнг албатта тишларни яхшилаб ювиш даркор. Шунингдек, ҳар 6 ойда бир маротаба стоматолог кўригидан ўтиш ҳам муҳим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Тишлар саломатлигига путур етказадиган 6 та маҳсулот