Асаларилар касалланса, «дори»ни ўзлари танлар экан

Олимлар асалариларнинг касалликка қарши кутилмаган қобилиятини аниқлади. Янги тадқиқотга кўра, айрим бамбл асаларилар замбуруғли инфекцияга дуч келганда таркибида фойдали табиий моддалар бўлган нектарни кўпроқ танлаши мумкин.
Тажрибаларда олимлар асалариларга оддий ширин сув ва таркибида ўсимликларда учрайдиган кверцетин моддаси бўлган нектарни таклиф қилган. Касалликка дучор бўлган колонияларда ушбу модда қўшилган нектарга қизиқиш ошгани кузатилган. Кверцетин эса микробларга қарши хусусиятлари билан маълум.
Қизиғи, бу асалариларнинг ўзини ўзи «даволаш» қобилиятига эга бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Илгариги тадқиқотларда ҳам асалари оилалари замбуруғли касаллик хавфи пайдо бўлганда ўсимлик қатронини кўпроқ йиғиши ва бу инфекция даражасини пасайтириши мумкинлиги аниқланган.
Олимлар ҳозирча бу жараённи тўлиқ даволаниш деб аташга шошилмаяпти. Аммо табиатда жонзотлар касалликка қарши ўз муҳитидан фойдаланишининг бундай мисоллари фан учун жуда қизиқ.






























Изоҳлар 0
…