Миямиз қарорни биздан олдин қабул қилиб қўяр экан

Инсон бирор қарор қабул қилаётганда, унинг миясида онгли равишда англашимиздан олдинёқ айрим жараёнлар бошланиши мумкин. Олимларни айнан шу ҳолат узоқ йиллардан бери қизиқтириб келмоқда.
Тадқиқотларда мия фаоллиги инсон қарорини англашидан аввал ўзгариши кузатилган. Айрим тажрибаларда ҳатто одамнинг ҳаракат ҳақидаги танловига боғлиқ сигналлар онгли қарордан бир неча сония олдин пайдо бўлган.
Бу эса муҳим саволни келтириб чиқаради: агар мия қарорга биз англашимиздан аввал тайёргарлик кўрса, унда инсон ҳақиқатан ҳам эркин танлов қиладими?
Бироқ олимлар буни инсонда ирода йўқлигининг исботи деб ҳисобламайди. Илмий ишларга кўра, онгсиз жараёнлар қарорларимизга таъсир қилиши мумкин, аммо улар инсоннинг барча танловларини тўлиқ белгилаб қўяди, деган хулоса қилишга ҳали асос йўқ.
Шу сабабли мия ва инсон иродаси ўртасидаги муносабат ҳануз фан ва фалсафадаги энг қизиқ баҳслардан бири бўлиб қолмоқда.






























Изоҳлар 0
…