40 ёшдан кейин спортзалга соатлаб бориш шарт эмас: мутахассис муқобил усулни айтди

Америкалик фитнес мураббийининг таъкидлашича, 40 ёшдан ошган инсонлар мушакларини мустаҳкам сақлаш, куч ва ҳаракатчанликни ошириш учун спортзалга кўп вақт сарфлаши шарт эмас. Унинг фикрича, бунинг учун ҳар куни 10 дақиқа давомида муайян мушак гуруҳларига қаратилган куч машқларини бажариш ҳам етарли бўлиши мумкин. Бу ҳақда Fox News нашри хабар берди.
Fox News ёзишича, 63 ёшли Дайкелер 28 йилдан бери BODi фитнес брендини бошқариб келади. У мушак гуруҳларини кунлар бўйича навбатма-навбат машқ қилдиришни тавсия этади. Масалан, бир куни кўкрак мушакларини, кейинги куни тананинг юқори қисмини, бошқа куни эса оёқ ва думба мушакларини машқ қилдириш мумкин.
«Кунига 10 дақиқа ажратиш орқали мушакларни ўстириш ва уларни мустаҳкам сақлаш мумкин», — дейди мутахассис.
Шу билан бирга, у куч машқларини юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшиловчи кардио машқлар ҳамда эгилувчанликни оширувчи машқлар билан бирга бажаришни тавсия қилади.
Дайкелернинг таъкидлашича, ёш ўтиши билан машғулотларнинг асосий мақсади фақат ташқи кўринишни яхшилаш эмас, балки жисмоний кучни сақлаш, эркин ҳаракатлана олиш ва кундалик ҳаётда бошқалар ёрдамисиз мустақил яшаш қобилиятини асрашдан иборат бўлиши керак.
Вазнни сезиларли даражада камайтиришни истаганларга эса мутахассис кундалик жисмоний фаоллик давомийлигини 20–30 дақиқагача оширишни маслаҳат беради.






























Изоҳлар 0
…