Ўт қопи яхши ишламаса организмда нима бўлади: белгилар ва нималарга эътибор бериш керак?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ўт қопи жигардан ажралган ўт суюқлигини сақлаб, ёғларни ҳазм қилишда муҳим рол ўйнайди.
- Ўт қопида муаммо бўлганда қориннинг юқори ўнг қисмида оғриқ, кўнгил айниши ва қусиш каби белгилар кузатилиши мумкин, аммо баъзан касаллик ҳеч қандай аломат бермаслиги ҳам мумкин.
- Ўт тошлари ўт йўлини тўсиб қўйса, яллиғланиш ва жиддий асоратлар ривожланиши мумкин, шунинг учун уй шароитида даволаш ҳақидаги қарашлар нотўғридир.
Кўпчилик ўт қопини организмдаги «иккинчи даражали» аъзо деб ўйлайди. Аслида эса у ҳазм жараёнида муҳим вазифани бажаради: жигар ишлаб чиқарадиган ўт суюқлигини сақлайди ва овқатланиш пайтида уни ичакка чиқариб, айниқса ёғларни ҳазм қилиш жараёнига ёрдам беради.
Ўт қопида муаммо пайдо бўлганда эса одамда қориннинг юқори ўнг қисмида оғриқ, кўнгил айниши, қусиш каби белгилар пайдо бўлиши мумкин. Айрим ҳолатларда эса касаллик узоқ вақт ҳеч қандай белги бермаслиги ҳам мумкин.
Энг муҳими, ўт қопидаги ҳар қандай муаммони уй шароитида даволаб бўлади, деган қараш тўғри эмас. Айниқса, ўт тошлари ўт йўлларини тўсиб қўйса, жиддий асоратлар ривожланиши мумкин.
Ўт қопи аслида нима иш қилади?
Ўт қопи жигар остида жойлашган, ноксимон шаклдаги кичик аъзодир.
Жигар доимий равишда ўт суюқлигини ишлаб чиқаради. Ўт қопи эса шу суюқликни вақтинча сақлаб туради. Овқат, айниқса ёғли таом истеъмол қилинганда, организм ҳазм жараёнини таъминлаш учун ўт суюқлигини ўн икки бармоқли ичакка чиқаради.
Ўт таркибида холестерин, ўт тузлари ва билирубин каби моддалар мавжуд. У ўт йўллари орқали ичакка етиб боради ва ҳазм жараёнида иштирок этади.
Шунинг учун ўт қопининг вазифасини оддий қилиб айтганда, ўтни сақлаш, тўплаш ва керак пайтда ичакка чиқариш деб тушуниш мумкин.
Ўт қопи яхши ишламаса қандай белгилар пайдо бўлади?
Ўт қопидаги муаммолар ҳар доим бир хил кўринишда намоён бўлмайди.
Ўт тошлари ўт йўлини тўсганда энг характерли белгилардан бири қориннинг юқори ўнг қисмида оғриқ пайдо бўлишидир. Бундай оғриқ баъзан бир неча соат давом этиши ва кўпинча оғир овқатдан кейин пайдо бўлиши мумкин.
Қуйидаги белгилар ҳам учраши мумкин:
қориннинг юқори ўнг қисмида оғриқ;
кўнгил айниши;
қусиш;
овқатдан кейин ноқулайлик;
айрим ҳолатларда иситма;
тери ва кўз оқининг сарғайиши.
Лекин бу белгиларнинг ўзи «албатта ўт қопи касалланган» дегани эмас. Масалан, қорин оғриғи ошқозон-ичак касалликлари, панкреатит ёки бошқа ҳолатлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин. Шунинг учун аниқ ташхис учун тиббий кўрик ва текширув зарур.
Ўт тошлари қандай пайдо бўлади?
Ўт қопи билан боғлиқ энг кўп учрайдиган муаммолардан бири — ўт тошлари.
Улар ўт таркибидаги айрим моддалар мувозанати ўзгарганда ҳосил бўлиши мумкин. Масалан, ўт таркибида холестерин ёки билирубин миқдори ортиши, ёки ўт тузлари етарли бўлмаслиги тошлар шаклланишига олиб келиши мумкин. Ўт қопи тўлиқ ёки етарлича тез-тез бўшамаса ҳам тош ҳосил бўлиш хавфи ортиши мумкин.
Қизиғи шундаки, кўп одамларда ўт тошлари бўлса ҳам ҳеч қандай белги бўлмайди. Бундай тошлар «жим» тошлар деб аталади ва симптом келтириб чиқармаса, кўпинча махсус даволаш талаб этилмайди.
Ўт қопидаги касалликлар қандай асоратларга олиб келиши мумкин?
Муаммо тош билан чекланиб қолмаслиги мумкин.
Агар тош ўт йўлини тўсиб қўйса, ўт қопида яллиғланиш пайдо бўлиши мумкин. Ўт йўлларининг тўсилиши инфекция, жигар ёки ошқозон ости бези билан боғлиқ асоратларга ҳам олиб келиши мумкин.
Хусусан, ўт тоши ошқозон ости бези йўлини тўсиб қўйса, ўт тошларига боғлиқ панкреатит ривожланиши мумкин.
Шу сабабли «оғриқ ўтиб кетса, демак касаллик ҳам йўқолди» деб ўйлаш тўғри эмас. Ўт йўлидаги тўсилиш вақтинча бартараф бўлиб, кейин яна такрорланиши мумкин.
Бўғимлар қирсиллаши ҳам ўт қопидан бўладими?
Бу ерда кенг тарқалган бир фикрни аниқлаштириш керак.
Бўғимларнинг қирсиллаши ўт қопи касаллигининг хос белгиси ҳисобланмайди.
Бўғимда товуш пайдо бўлиши турли сабабларга эга бўлиши мумкин ва уни фақат ўт қопи билан боғлаш тиббий жиҳатдан тўғри эмас.
Шунингдек, бошқа кўплаб умумий белгиларни ҳам автоматик равишда «ўт қопи яхши ишламаяпти» деб баҳолаш мумкин эмас.
Агар одамда бир вақтнинг ўзида қорин оғриғи, ҳазм билан боғлиқ муаммолар ва бўғимлардаги ўзгаришлар кузатилса, ҳар бир белгининг сабабини алоҳида аниқлаш керак.
Ўт қопини уй шароитида қандай асраш мумкин?
Уй шароитида ўт қопидаги тошни эритиш ёки касалликни мустақил даволаш эмас, балки соғлом овқатланиш ва хавф омилларини камайтириш ҳақида гапириш мумкин.
Мутахассислар ўт тошлари хавфини камайтириш учун толага бой маҳсулотлар — сабзавот, мева, дуккаклилар ва бутун донли маҳсулотларни кўпроқ истеъмол қилишни тавсия этади.
Шу билан бирга, рафинадланган углеводлар ва қўшимча шакарни ортиқча истеъмол қилмаслик, соғлом ёғларга устуворлик бериш ва носоғлом ёғлар, жумладан кўп қовурилган таомларни чеклаш тавсия қилинади.
Қаттиқ парҳез қилиш ҳам зарарли бўлиши мумкин
Озиб кетиш учун жуда кескин парҳезга ўтиш ёки қисқа вақт ичида катта миқдорда вазн йўқотиш ҳам ўт тошлари хавфини ошириши мумкин.
Шунинг учун «бир неча кунда тез озиш»га қаратилган кескин диеталардан сақланиш муҳим. NIDDK маълумотларига кўра, вазнни секинроқ ва барқарор тарзда камайтириш ўт тошлари хавфини пасайтиришга ёрдам бериши мумкин.
Лимон, зайтун мойи ёки «ўт қопини тозалаш» усуллари-чи?
Интернетда ўт қопини «тозалаш», тошларни уй шароитида чиқариб юбориш ёки эритишга қаратилган турли рецептлар учрайди.
Бундай усулларни ўт тошларининг тиббий давоси сифатида қабул қилиш мумкин эмас.
Агар ўт тоши симптом берса, унинг жойлашуви ва асоратларини аниқлаш учун тиббий текширув талаб этилади. Ўт тошларини аниқлашда ультратовуш текшируви асосий усуллардан бири ҳисобланади; заруратга қараб қон таҳлиллари ва бошқа текширувлар ҳам ўтказилади.
Уйда нима қилиш мумкин?
Агар инсонда аввалдан ўт қопи касаллиги аниқланган бўлса, кундалик ҳаётда қуйидаги умумий чоралар фойдали бўлиши мумкин:
1. Овқатланишни тартибга солиш.
Жуда ёғли ва қовурилган таомлар симптомларни кучайтирса, уларни чеклаш керак.
2. Толали маҳсулотларни кўпайтириш.
Сабзавот, мева, дуккаклилар ва бутун донли маҳсулотлар соғлом овқатланишнинг бир қисми бўлиши мумкин.
3. Кескин парҳезлардан сақланиш.
Жуда тез озиш ўт тошлари хавфини ошириши мумкин.
4. Мунтазам ҳаракат қилиш.
Жисмоний фаоллик умумий саломатлик ва соғлом вазнни сақлашга ёрдам беради.
5. Ўзбошимчалик билан дори қабул қилмаслик.
Ўт тошларини эритиш учун қўлланадиган дорилар айрим махсус ҳолатларда шифокор томонидан буюрилади ва ҳамма тошларга бирдек таъсир қилмайди.
Қачон зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш керак?
Қориндаги оғриқ кучли бўлса ёки бир неча соат давом этса, уни уй шароитида кутиб ўтириш керак эмас.
Айниқса қуйидаги белгилар хавфли бўлиши мумкин:
кучли ёки узоқ давом этувчи қорин оғриғи;
қайта-қайта қусиш;
иситма ёки титроқ;
тери ёки кўз оқининг сарғайиши;
қорин оғриғининг орқа томонга тарқалиши.
Бундай белгилар ўт йўллари, ўт қопи ёки ошқозон ости безида жиддий муаммо борлигидан дарак бериши мумкин.
Ўт қопи олиб ташланса, одам яшай оладими?
Ҳа. Ўт қопи организм учун муҳим вазифа бажарса-да, ҳаёт учун мутлақо зарур аъзо эмас.
Зарур ҳолатларда шифокорлар холецистэктомия — ўт қопини олиб ташлаш операциясини қўллайди. Операциядан кейин жигар ўт ишлаб чиқаришда давом этади, фақат ўт энди ўт қопида сақланмасдан, жигардан ичакка тўғридан-тўғри оқиб боради.
Шунинг учун «ўт қопи олиб ташланса, одам нормал ҳаёт кечира олмайди» деган қараш ҳам тўғри эмас.
Энг муҳими — ўт қопи билан боғлиқ белгиларни эътиборсиз қолдирмаслик
Ўт қопи кичик аъзо бўлишига қарамай, ҳазм жараёнида муҳим вазифани бажаради. Унда тошлар пайдо бўлиши мумкин, аммо тошларнинг ўзи ҳар доим касаллик белгиларига сабаб бўлавермайди.
Муаммо тош ўт йўлларини тўсганда бошланиши мумкин. Бундай вазиятда оғриқ, кўнгил айниши, қусиш, иситма ёки сарғайиш каби белгилар пайдо бўлиши эҳтимоли бор. Айрим ҳолатларда эса жиддий асоратлар ривожланади.
Шунинг учун ўт қопини «уйда тозалаш»дан кўра, тўғри овқатланиш, кескин парҳезлардан сақланиш, соғлом вазнни сақлаш ва шубҳали белгилар пайдо бўлганда шифокорга мурожаат қилиш анча хавфсиз ёндашув ҳисобланади.
Айниқса, қориннинг юқори ўнг қисмида кучли оғриқ, иситма, қусиш ёки сарғайиш пайдо бўлса, уй шароитида даволанишга уринмасдан тиббий ёрдамга мурожаат қилиш керак.































Изоҳлар 0
…