date
views 144

Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта билан кириши мумкин

Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта билан кириши мумкин
Ўзбекистон Туризм, ишбилармонлик ва дўстона алоқаларни янада ривожлантириш мақсадида Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон фуқароларининг мамлакатга кириш тартибини енгиллаштириш устида ишлар олиб борилмоқда. Бу ҳақда Россиянинг “Известия” нашри Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизматига таяниб хабар берди.

Маълум қилинишича, айни пайтда мазкур давлатлар фуқароларига Ўзбекистонга фақат чет эл паспорти орқали кириш мумкин. Аммо яқин орада уларга ички паспорт ёки ID-карта орқали 30 кунгача муддат билан Ўзбекистонга визасиз кириш имконияти яратилиши мумкин.

— Биз ҳамкор давлатлар билан ID-карта орқали киришни йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу ташаббус туризм ва бизнес алоқаларни рағбатлантириш, сафарларни янада қулай қилишга хизмат қилади, — дейилади ТИВнинг расмий изоҳида.

Айтиш жоиз, Ўзбекистон бу борада аввалги қадамларни Қирғизистон билан амалга оширган. 2023 йилдан бошлаб икки мамлакат фуқаролари ўзаро ID-карта ёки ички ҳужжатлар билан чегарадан ўтиши мумкин. Бу тажриба ҳозирда ижобий натижа бермоқда.

Россия фуқаролари айни вақтда Марказий Осиёда фақат Қозоғистон ва Қирғизистонга ички паспорт билан кириш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон эса ҳозирча чет эл паспорти талаб қилинадиган давлатлар рўйхатида қолмоқда. Қолаверса, Россия фуқароси Ўзбекистонда 15 кундан ортиқ вақт бўлишни режа қилса, яшаш жойида вақтинча рўйхатдан ўтиши шарт.

Кириш режимини енгиллаштириш биринчи навбатда сайёҳлар оқимининг ортишига олиб келиши кутилмоқда. 2024 йилнинг ўзида Россиядан Ўзбекистонга келган сайёҳлар сони 20 фоизга кўпайиб, 870 минг нафарга етган. 2025 йилда эса бу рақам 1 миллионга яқинлашиши прогноз қилинмоқда.

Ташқи ишлар вазирлиги ва ҳукумат расмийлари бу ташаббусни амалга оширишда барча шартномавий ва ҳуқуқий асосларни тайёрлаш устида иш олиб бормоқда. Яқин орада бу ташаббус амалда ўз ифодасини топса, Ўзбекистон учун янги туристик ва иқтисодий имкониятлар эшиги очилиши шубҳасиз.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Россия, Қозоғистон ва Озарбойжон фуқаролари Ўзбекистонга ID-карта билан кириши мумкин