Ўзбекистонда нега ўғил болалар қизлардан кўпроқ туғилмоқда?

ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
- Ўзбекистонда 2010–2025 йилларда 12 миллион 486 минг 844 нафар чақалоқ туғилган бўлиб, уларнинг 6 миллион 482 минг 375 нафари ўғил, 6 миллион 4 минг 469 нафари қиз болалар бўлган.
- Бу даврда ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 нафар ўғил бола тўғри келган, бу кўрсаткич биологик меъёрдан юқори.
- Мутахассислар бу ҳолатни оилаларда ўғил фарзандга бўлган устувор қараш ва репродуктив қарорлар билан боғлашади.
Ўзбекистонда сўнгги 16 йил давомида қизларга қараганда ўғил болалар кўпроқ туғилган. 2010–2025 йилларда мамлакатда жами 12 миллион 486 минг 844 нафар чақалоқ дунёга келган. Уларнинг 6 миллион 482 минг 375 нафари ўғил, 6 миллион 4 минг 469 нафари эса қиз болалар бўлган.
Шу тариқа, 16 йилда ўғил болалар сони қизлардан қарийб 478 минг нафарга кўп бўлган. Ҳисоб-китобларга кўра, ҳар 100 нафар қиз чақалоққа ўртача 108 нафар ўғил бола тўғри келган.
Бунинг сабаби нимада?
Мутахассислар таъкидлаганидек, туғилишда ўғил болаларнинг қизларга нисбатан бироз кўп бўлиши табиий ҳолат. Биологик жиҳатдан одатий нисбат ҳар 100 қизга 102–106 нафар ўғилни ташкил этади. Бироқ Ўзбекистондаги 108:100 кўрсаткич табиий диапазондан юқори.
Демографик тадқиқотларда бу фарқнинг эҳтимолий сабабларидан бири сифатида оилаларда ўғил фарзандга бўлган устувор қараш кўрсатилади. Янги тадқиқотга кўра, Ўзбекистонда оилада ўғил фарзанд туғилгандан кейин кейинги фарзандни режалаштириш эҳтимоли пасаяди. Муаллифлар туғилишдаги 108:100 нисбат юқори эканини ҳам қайд этиб, бу ҳолатга ўғил фарзандни афзал кўриш каби омиллар таъсир қилиши мумкинлигини муҳокама қилган. Бироқ тадқиқот муаллифлари жинс танлаш амалиётининг кўлами ҳақида қатъий хулоса чиқариш учун ишончли маълумотлар етарли эмаслигини таъкидлайди.
Нисбат йиллар кесимида ҳам бир хил бўлмаган. Энг катта тафовут 2018 йилда — 10,4 фоиз, энг кичик фарқ эса 2025 йилда — 7 фоиз қайд этилган.
Демак, Ўзбекистонда ўғил болаларнинг кўпроқ туғилаётганини фақат табиий биологик омил билан изоҳлаш қийин. Ўғил фарзандга бўлган оилавий қарашлар ва репродуктив қарорлар ҳам ушбу демографик кўрсаткични шакллантирувчи эҳтимолий омиллар қаторида тилга олинади.






























Изоҳлар 0
…