date
views 276

Хитойнинг Lushang Group Ўзбекистонга миллиардлик лойиҳалар билан келмоқда

Хитойнинг Lushang Group Ўзбекистонга миллиардлик лойиҳалар билан келмоқда
2025 йил 3 июнь куни Тошкент шаҳрида муҳим бизнес учрашувлардан бири бўлиб ўтди. Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Илзат Қосимов Хитойнинг йирик давлат корпорацияси — Lushang Group делегациясини қабул қилди.

Учрашув давомида томонлар қатор истиқболли ва стратегик аҳамиятга эга лойиҳаларни муҳокама қилди. Хусусан, замонавий логистика марказларини қуриш, дори-дармон маҳсулотларини маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, шунингдек, янги авлод таълим муассасаларини ташкил этиш таклифлари ўртага ташланди.

Lushang Group — 1992 йили Хитойнинг Шандунь провинциясида ташкил этилган, давлатга тегишли, кўп тармоқли корпорация ҳисобланади. Бугунги кунда компания савдо, тиббиёт, молиявий хизматлар, логистика, таълим ва инвестиция йўналишларида фаолият юритиб келмоқда. Унинг умумий активлари ҳозирда 185 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Мулоқот чоғида икки томонлама манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш, истиқболли ташаббусларни аниқ режалар асосида амалга ошириш ва келгуси ишлар учун ишчи гуруҳлар ташкил этиш масалалари юзасидан келишувга эришилди.

Учрашув якунида ҳар икки томон ҳам ўзаро мулоқот ва тажриба алмашишни янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, муҳокама қилинган йўналишлар бўйича амалий қадамлар белгилаб олинди. Бу ҳамкорлик нафақат иқтисодий ривожланишга, балки иш ўринлари яратилиши, маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва таълим сифатига ижобий таъсир кўрсатиши кутилмоқда.

Ўзбекистоннинг стратегик ҳамкорларидан бири сифатида Хитой билан бундай даражадаги ҳамкорлик, албатта, мамлакатимиз иқтисодиёти учун янги имкониятлар эшигини очади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Хитойнинг Lushang Group Ўзбекистонга миллиардлик лойиҳалар билан келмоқда