date

“Очиқ бюджет” 2025 ғолиб лойиҳаларини эълон қилди

“Очиқ бюджет” 2025 ғолиб лойиҳаларини эълон қилди

Ўзбекистонда фуқаролар иштирокида амалга ошириладиган “Ташаббусли бюджет” жараёнларининг 2025 йилги 2-мавсуми ўз якунига етди. 31 август куни овоз бериш босқичи тўлиқ якунланиб, мамлакат бўйлаб миллионлаб инсонлар ўз танловини амалга оширди.

Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг маълумот беришича, бу йилги жараёнлар жуда фаол ўтган. Республика бўйича жами 11 миллиондан зиёд овоз қайд этилди. Бу эса жамоатчиликнинг давлат маблағлари тақсимотига бефарқ эмаслигини яна бир бор намоён қилди.

Эслатиб ўтамиз, “Ташаббусли бюджет”нинг 2-мавсуми 15 июлдан 3 августгача лойиҳаларни рўйхатга олишдан бошланди. Кейин 4 августдан 18 августгача саралаш босқичи ўтказилди. 19–21 август кунлари тарғибот ишлари амалга оширилди. Сўнгги босқич — овоз бериш жараёни эса 22 августдан 31 августгача давом этди.

Якунлар шундан далолат бермоқдаки, мамлакат бўйлаб 3,2 триллион сўмлик қийматга эга бўлган 2 332 та лойиҳа ғолиб сифатида танлаб олинди. Бу лойиҳалар аҳолининг энг кўп овозини тўплаб, амалга ошириш учун давлат маблағларидан молиялаштирилади.

1 сентябрь куни “Очиқ бюджет” порталида расман ғолиб лойиҳалар рўйхати эълон қилинди. Энди фуқаролар ўз овозлари билан қўллаб-қувватлаган ташаббусларнинг қай бири амалга ошишини яққол кўриш имкониятига эга бўлади.

Мутахассисларнинг айтишича, ушбу жараёнлар аҳоли фикри ва таклифларини инобатга олган ҳолда маҳаллий муаммоларни ҳал этишда муҳим қадам ҳисобланади. Фуқароларнинг бевосита иштирок этиши орқали жамоатчилик давлат бюджетининг қай тарзда сарфланаётганини назорат қилиш имкониятига эга бўлмоқда.

Шу тариқа, “Ташаббусли бюджет” нафақат маҳаллий инфратузилмани ривожлантириш, балки фуқароларнинг давлат бошқарувидаги иштироки учун янги майдон сифатида тобора оммалашиб бормоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » “Очиқ бюджет” 2025 ғолиб лойиҳаларини эълон қилди