1 сентябрь куни Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг Тианжин шаҳрида ўтказилган саммитида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлаб, ташкилот доирасида амалга оширилиши режалаштирилган қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди. Давлат раҳбарининг фикрича, ШҲТнинг самарали фаолияти ва глобал нуфузини ошириш бугунги замонда жуда катта аҳамиятга эга.
Президент илгари сурган ташаббуслар орасида қуйидагилар алоҳида ўрин тутади:
— ШҲТ институтлари самарадорлигини ошириш ва уни Глобал Жануб мамлакатлари ҳисобига кенгайтириш;
— ядро хавфсизлиги масалалари бўйича декларация қабул қилиш;
— ички ишлар вазирлари кенгаши фаолиятини қайта тиклаш;
— 2030 йилгача мўлжалланган гиёҳвандликка қарши кураш дастурини ишлаб чиқиш;
— «ШҲТ–Афғонистон» мулоқот гуруҳи ишини жонлантириш;
— савдо жараёнларини енгиллаштириш бўйича битимни имзолаш;
— стратегик материаллар бўйича минтақавий марказ ташкил этиш;
— ШҲТ Энергетика консорциумини барпо этиш.
Шунингдек, давлат раҳбари венчур компаниялар ва жамғармалар тармоғини шакллантириш, махсус электрон инвестиция портали яратиш, транспорт-транзит йўлакларини (Шимол–Жануб ва Шарқ–Ғарб) ривожлантириш, “ШҲТ ягона транспорт макони”ни барпо этиш ва уни «Бир макон, бир йўл» ташаббуси билан уйғунлаштириш таклифини билдирди.
Мирзиёев иқлим ўзгаришига мослашиш, декарбонизация жараёнлари ва экологик хавф-хатарларни олдиндан башорат қилиш учун сунъий интеллект технологияларига асосланган минтақавий платформани ишга тушириш зарурлигини таъкидлади.
Бундан ташқари, давлат раҳбари ШҲТ маконида халқ ижодиёти халқаро фестивалини ўтказиш, «ШҲТ университети»нинг онлайн кампусини очиш, ёшлар ва талабалар ўртасида турли танлов ҳамда олимпиадалар ташкил этиш каби маданий ва маърифий йўналишдаги лойиҳаларни ҳам таклиф қилди. Шу билан бирга, “Сайёҳлик йўлаги” ва “Тиббиёт туризми альянси” ташаббуслари ташкилот фаолиятида янги саҳифа очиши мумкинлиги таъкидланди.
Саммитда яна бир муҳим қарор қабул қилинди — Тошкент шаҳрида ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси асосида хавфсизликка таҳдид ва хатарларга қарши курашиш бўйича Универсал марказ ташкил этилади. Шунингдек, унинг ҳузурида Ахборот хавфсизлиги маркази ҳам фаолият юритади.
Мутасаддилар таъкидлашича, мазкур қарорлар хавфсизлик ва барқарорлик соҳасидаги ҳамкорликни мутлақо янги босқичга кўтаради ҳамда ШҲТнинг глобал сиёсий жараёнлардаги ўрнини янада мустаҳкамлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!