date

Тунда тинчликни бузганлар катта жаримага тортилади

Тунда тинчликни бузганлар катта жаримага тортилади

Ўзбекистон қонунчилигида фуқароларнинг тинчлигини асраш ва жамоат тартибини таъминлаш мақсадида тунги вақтда ортиқча шовқин-сурон қилиш қатъий тарзда тақиқланган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг тегишли моддаларида бу ҳолатлар учун жавобгарлик белгилангани қайд этилган.

Қандай ҳолатларда жавобгарликка тортилади?

Маълумотларга кўра, соат 23:00 дан 06:00 гача давом этувчи вақт оралиғида фуқароларнинг тинчини бузиш мумкин эмас. Бу вақтда баланд овозда қўшиқ айтиш, мусиқа чалиш, автомобилларнинг товуш сигналини кераксиз қўллаш, хонадонларда телевизор ва радиоқурилмаларни баланд товушда ишлатиш каби ҳолатлар қонун бузилиши ҳисобланади.

Шунингдек, магнитофон ва бошқа овоз чиқарувчи қурилмалардан фойдаланиш, заруратсиз ҳолда қурилиш ёки таъмирлаш ишларидан келиб чиқадиган шовқин ҳам маиший шовқинга қарши талабларни бузиш сифатида баҳоланади.

Жарималар миқдори

Қонунга кўра, бундай ҳолатларда фуқароларга БҲМнинг учдан бир қисми миқдорида жарима қўлланилиши мумкин. Агар қоидабузар мансабдор шахс бўлса, жарима миқдори учдан бир қисмидан иккидан бир қисмигача белгиланади.

Бироқ, агар шундай ҳуқуқбузарлик бир йил давомида яна такрорланса, фуқаролар учун жарима БҲМнинг ярмисигача оширилади. Мансабдор шахслар учун эса жазо иккидан бир қисмдан бир бараваригача етказилиши мумкин.

Қаерга мурожаат қилиш мумкин?

Фуқаролар ўз ҳудудларидаги тинчлик бузилишини кузатса, 102 қисқа рақами орқали ички ишлар органларига мурожаат қилишлари ёки профилактика инспекторини хабардор қилишлари мумкин.

Мутахассислар огоҳлантиради

Юристлар ва ҳуқуқшунослар таъкидлашича, тунги вақтдаги тартибни бузиш нафақат қонунга зид, балки аҳоли саломатлиги ва руҳий ҳузурига салбий таъсир кўрсатади. Шовқиндан безовта бўлган фуқароларнинг уйқу режими бузилиши, иш қобилияти пасайиши ва ҳатто саломатлигига путур етиши мумкин.

Шу боис, жамоатчилик тартибини асраш ҳар бир шахснинг масъулияти ҳисобланади. Тунда тинчликни таъминлаш эса наfaqat қўшнилар, балки бутун маҳалла ёки уй-жой аҳолиси учун ҳурмат белгиси сифатида қабул қилиниши керак.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тунда тинчликни бузганлар катта жаримага тортилади