Соғлиқни сақлаш тизимини рақамлаштириш йўналишида яна бир муҳим қадам қўйилди. Ўзбекистон ҳукумати тиббий ташкилотларда дори воситаларини электрон рецепт асосида ёзиш ва уларнинг ҳаракатини назорат қилиш тартибини белгилаб берди. Бу ҳақда “Norma” хабар қилди.
Янги низомга кўра, шифокорлар энди беморларга рецепт бўйича берилган ва дорихоналарда сотиладиган дори воситаларининг ҳаракатини электрон тарзда кузатиш имкониятига эга бўлади. Электрон рецепт бланкалари махсус “Электрон рецепт” модули орқали расмийлаштирилади ҳамда барча маълумотлар автоматик равишда электрон тиббий китобга киритилади.
Рецептлар QR код орқали электрон тасдиқланади, дори воситалари ҳақидаги барча маълумотлар эса шифокор томонидан электрон тизимга киритилади. Шу тариқа шифокорлар беморларга ёзиб берилган дори воситаларининг ҳаракатини тўлиқ кузатиб бориш имкониятига эга бўладилар.
Тартибга кўра, 2025 йил 10 декабрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва пилот лойиҳа амалга оширилаётган 15 та тумандаги тиббиёт муассасаларида дори воситалари электрон рецепт орқали расмийлаштирилади. Беморга ёзиладиган дори воситаси, агар мавжуд бўлса, халқаро патентланмаган номи билан кўрсатилади. Шу билан бирга, рецепт бўйича ёзиладиган дори-дармонлар Ўзбекистонда расмий рўйхатдан ўтган бўлиши шарт.
Мутахассислар таъкидлашича, электрон рецепт тизими орқали нафақат дори воситалари ҳаракати шаффоф назорат қилиниши, балки беморлар учун ҳам қулайликлар яратилиши кутилмоқда. Шунингдек, тизим қоидаларини бузган тиббий ходимларга нисбатан жавобгарлик белгиланади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!