Ўзбекистон ва Туркия таълим ҳамда стипендия ҳамкорлигини кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди

21 январь куни Анқарада Ўзбекистон ташқи ишлар вазири маслаҳатчиси Мунира Аминова Туркиянинг Чет элдаги турклар ва қардош жамоалар ишлари бошқармаси (YTB) раҳбари Абдулҳади Турус билан учрашди. Бу ҳақда uzdaily.uz хабар беради.
Музокараларда томонлар икки мамлакат ўртасидаги таълим ва маданий алмашинувни ривожлантиришга қаратилган амалдаги ҳамкорлик ҳолати ҳамда истиқболдаги ташаббусларни атрофлича кўриб чиқди. Суҳбат марказида YTB стипендия дастурларининг натижалари ҳам бўлди: 2025 йилда ушбу дастурларга Ўзбекистоннинг 228 нафар фуқароси қабул қилинган, ҳозирда 136 нафар талаба таълимни давом эттирмоқда.
Умуман олганда, YTB дастурлари орқали 3 200 нафардан ортиқ иштирокчи ўқишни муваффақиятли якунлагани, битирувчилар билан алоқани мустаҳкамлаш учун алоҳида портал ишга туширилгани қайд этилди.
Учрашувда “Културал Турк” энциклопедияси, Зангтурон ташаббуси, заргарлик йўналиши ва шошилинч тиббий ёрдам бўйича ўқув дастурлари каби амалдаги лойиҳалар муҳокама қилинди.
Шунингдек, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик бўйича янги дастурлар, ёш дипломатлар учун ихтисослашган тренинглар ҳамда фармацевтика саноатини ривожлантиришга қаратилган лойиҳалар юзасидан фикр алмашилди.
Якунда томонлар таълим ва малака ошириш йўналишларида ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр эканини тасдиқлаб, юқори малакали кадрлар тайёрлаш ва профессионал алмашинувларни кенгайтиришда қўшма саъй-ҳаракатлар муҳимлигини таъкидлади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!