Францияда ишлаш имконияти: ойлик 1650 евро таклиф этилмоқда

Миграция агентлиги Францияда мавсумий қишлоқ хўжалиги ишлари учун ходимлар қабул қилинаётганини маълум қилди. Янги дастур доирасида ўзбекистонлик фуқаролар Франциянинг Мен ва Луара ҳамда Рона ҳудудларида мева-сабзавот етиштириш ва ҳосил йиғиб-териш ишларига жалб этилади.
Маълум қилинишича, мева далаларидаги ишлар 17 августдан бошланса, сабзавот етиштириладиган ҳудудлардаги мавсум 1 октябрдан старт олади. Номзодлардан 25–45 ёш оралиғида бўлиши, судланмаганлиги, француз тилини мулоқот даражасида билиши ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида камида уч йиллик меҳнат тажрибасига эга бўлиши талаб этилади. Танловда эркаклар ҳам, аёллар ҳам иштирок этиши мумкин.
Дастур иштирокчилари учун ойига 1650 евро миқдорида иш ҳақи белгиланган. Виза, авиачипта, яшаш ва озиқ-овқат билан боғлиқ харажатларнинг бир қисми номзод томонидан қопланади. Шу билан бирга, виза ва авиачипта учун сарфланган маблағларнинг маълум қисми ишга жойлашгандан сўнг Миграция агентлиги томонидан қайтариб берилиши кўзда тутилган.
Номзодлар иш берувчи вакиллари иштирокида онлайн суҳбат орқали саралаб олинади. Аризалар “Хорижда иш” платформаси орқали 20 июнга қадар қабул қилинади.





























Изоҳлар 0
…