Тошкентда яна бир муҳим кўча ёпилади: Ҳайдовчиларга огоҳлантириш

Тошкентда яна бир муҳим кўча ёпилади: Ҳайдовчиларга огоҳлантириш

Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида жойлашган Авиасозлар кўчасининг бир қисмида транспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади. Бу ҳақда Veolia Energy Tashkent маълум қилди.

Компания хабарига кўра, чеклов 11 июль соат 08:00 дан 31 июль соат 06:00 гача амал қилади. Ушбу муддат давомида магистрал иссиқлик тармоқларини янгилаш ва эски қувурларни алмаштириш ишлари олиб борилади.

Таъкидланишича, таъмирлаш ишлари пойтахт аҳолисини куз-қиш мавсумида узлуксиз ва сифатли иссиқлик таъминоти билан таъминлаш мақсадида амалга оширилмоқда. Қурилиш жараёнида хавфсизлик талабларига риоя қилиш учун Авиасозлар кўчасининг маълум қисми автотранспорт ҳаракати учун вақтинча ёпилади.

Шу муносабат билан ҳайдовчиларга йўналишларини олдиндан режалаштириш, эҳтимолий тирбандликларнинг олдини олиш мақсадида айланма йўллардан фойдаланиш тавсия этилди. Компания юзага келадиган вақтинчалик ноқулайликлар учун аҳолидан узр сўради.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда пойтахтнинг яна бир йирик кўчаларидан бири — Мустақиллик шоҳ кўчасида ҳам таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Шу боис мазкур ҳудудда ҳам автомобиллар ҳаракатига вақтинчалик чекловлар жорий қилинган. Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳайдовчилардан сафар йўналишларини олдиндан белгилаб олишни сўрамоқда.

Zamin.uz сайтини Google'га қўшинг"Zamin"ни Telegram'да ўқинг!
Zamin AI билан мухокама килингЯнгиликни тахлил килинг, фойдали маслихатлар олинг

Изоҳлар 0

Мавзуга оид янгиликлар