Қарийб 13 минг абитуриент тестсиз талаба бўлиш имкониятини қўлга киритди

2026–2027 ўқув йили учун олий таълим муассасаларига қабул жараёнида барча фанлардан миллий ёки халқаро сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент тест синовларини топширишдан озод этилди. Улар қабул танловининг кейинги босқичида бевосита иштирок этади.
Билим ва малакаларни баҳолаш агентлиги маълумотига кўра, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан кескин ўсган. Агар 2025–2026 ўқув йилида тестдан озод қилинганлар сони 678 нафарни ташкил этган бўлса, жорий йилда уларнинг сони қарийб 19 баробарга ошди.
Шунингдек, рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлар томонидан тақдим этилган 24 минг 526 та халқаро сертификат ҳақиқий деб тасдиқланган.
Статистикага кўра, умумтаълим фанлари бўйича 193 минг 186 нафар, чет тиллари бўйича эса 125 минг 354 нафар абитуриент миллий ёки халқаро сертификат билан рўйхатдан ўтган.
Жорий йилда олий таълим муассасаларига ўқиш истагини билдирган 677 минг 907 нафар абитуриент онлайн рўйхатдан ўтган. Уларнинг 664 минг 609 нафари тест синовларида иштирок этади. Барча фанлардан тегишли сертификатга эга бўлган 12 минг 997 нафар абитуриент эса тест топширмасдан қабул танловини давом эттиради.






























Изоҳлар 0
…