Икки сайёрага ўзбек олимларининг номи расман берилди

Ўзбекистон илм-фани учун яна бир муҳим ва қувончли воқеа юз берди. Халқаро астрономия ҳамжамияти қарорига мувофиқ, икки кичик сайёра (астероид)га Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институтининг икки нафар олими — Камолиддин Эргашев ва Отабек Бурхоновнинг номи расман берилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Фанлар академияси ахборот хизмати маълум қилди.
Қайд этилишича, 2026 йил 9 июль куни Халқаро астрономия жамияти ҳузуридаги Кичик жисмлар номларини тасдиқлаш қўмитаси (WGSBN) томонидан эълон қилинган расмий баёнотда мазкур қарор тасдиқланган. Янги номлар WGSBN бюллетенининг 6-жилд, 11-сонида расман чоп этилган.
Шундан сўнг халқаро астрономик каталогларда ушбу осмон жисмлари (131358) «Камолергашев» ва (121339) «Отабекбуркҳонов» номлари билан қайд этилади ҳамда келгусида айнан шу расмий номлар билан юритилади.
Маълум қилинишича, дастлаб халқаро каталогларда 2001 KA2 рақами билан рўйхатдан ўтган астероид 2001 йил 19 май куни Чехиядаги Ondřejov обсерваториясида чех астрономлари томонидан кашф этилган. Кейинчалик мазкур осмон жисмига Астрономия институти катта илмий ходими Камолиддин Эргашев шарафига «Камолергашев» номи берилди.
Расмий изоҳда таъкидланишича, Камолиддин Эргашев 2007 йилдан буён Астрономия институтида астероидлар тадқиқоти билан шуғулланиб келади. У 2024 йилда мазкур йўналиш бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини олган. Олимнинг илмий ишлари астероидлар фотометрияси, уларнинг равшанлик эгри чизиқларини таҳлил қилиш, физик хусусиятларини аниқлаш, шунингдек, астероид жуфтликлари, кластерлари ва қўшалоқ астероид тизимларини кузатишга бағишланган.
Халқаро каталогларда аввал 1999 TO15 вақтинчалик белгиланиши билан қайд этилган иккинчи астероид эса 1999 йил 13 октябрь куни чехиялик астрономлар томонидан аниқланган. Энди ушбу осмон жисми Астрономия институти лаборатория мудири Отабек Бурхонов шарафига «Отабекбуркҳонов» номи билан аталади.
Расмий маълумотда Отабек Бурхонов 2000 йилдан буён Мирзо Улуғбек номидаги Астрономия институтида илмий фаолият юритиб келаётгани қайд этилган. У 2005 йилда фан номзоди илмий даражасини олган. Олимнинг тадқиқотлари оптик фотометрия, астероидларнинг равшанлик эгри чизиқларини таҳлил қилиш, ўзгарувчан юлдузлар, гравитацион линзаланган квазарлар ҳамда Майданак обсерваториясида гамма-чақнашларнинг кейинги оптик кузатувларини ўз ичига олади.
Фанлар академиясининг таъкидлашича, астероидларга олимлар номи берилиши уларнинг кўп йиллик илмий меҳнати ва жаҳон астрономияси ривожига қўшган муносиб ҳиссасининг халқаро миқёсда эътироф этилганидан далолат беради. Тасдиқланган ушбу номлар энди халқаро астрономик номенклатуранинг расмий қисмига айланади ҳамда келгусида илмий мақолалар, каталоглар ва эфемеридаларда айнан шу номлардан фойдаланилади.
Фанлар академияси ушбу воқеани Ўзбекистон астрономияси учун муҳим ва фахрли ютуқ сифатида баҳолаб, Камолиддин Эргашев ҳамда Отабек Бурхоновни халқаро эътироф билан самимий муборакбод этди. Шунингдек, уларга янги илмий кашфиётлар, муваффақиятли кузатувлар ва келгуси тадқиқотларида янада улкан зафарлар тилади.
Маълумот учун, мазкур икки олим NASAнинг сайёравий мудофаа дастури доирасидаги фаол иштироки ва муносиб ҳиссаси учун ҳам аввалроқ NASA томонидан Group Achievement Award мукофоти билан тақдирланган.






























Изоҳлар 0
…