Тошкентдаги энг серқатнов йўл 40 кунга ёпилади

Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар энг кўп фойдаланадиган йўллардан бирида ҳаракат вақтинча чекланади. Магистрал иссиқлик қувурини янгилаш ишлари муносабати билан пойтахтнинг Кичик ҳалқа йўлининг бир қисми 40 кун давомида транспорт ҳаракати учун қисман ёпилади.
Яккасарой туман ҳокимлиги маълумотига кўра, қурилиш-монтаж ишлари 25 июль куни соат 00:00 дан бошланади. Лойиҳа «Veolia Energy Tashkent» ХК МЧЖ томонидан амалга оширилади.
Маълум қилинишича, таъмирлаш жараёнида Яккасарой туманида жойлашган, диаметри 530 миллиметр, умумий узунлиги 1 540 метр бўлган магистрал иссиқлик қувури тўлиқ янгиланади. Мутахассислар ушбу тармоқни модернизация қилиш орқали иссиқлик таъминоти тизимининг ишончлилиги ва самарадорлигини оширишни мақсад қилган.
Қайд этилишича, қурилиш ва монтаж ишларини хавфсиз ҳамда белгиланган техник талаблар асосида амалга ошириш учун 40 кун давомида Кичик ҳалқа йўлидаги икки ҳаракатланиш йўлагида автотранспорт воситалари ҳаракати вақтинча чекланади.

Масъуллар ҳайдовчиларга юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларни инобатга олган ҳолда сафарларини олдиндан режалаштиришни, имкони борича айланма ва муқобил йўналишлардан фойдаланишни тавсия қилди.






























Изоҳлар 0
…