13:53 / 30.12.2018
4 443

Ўзбекистонда мобил телефонлари, ноутбук ва планшетларни ёппасига қайддан ўтказиш бошланмоқда

Ўзбекистонда мобил телефонлари, ноутбук ва планшетларни ёппасига қайддан ўтказиш бошланмоқда
Ўзбекистон Республикаси норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари лойиҳалари муҳокамаси порталида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги томонидан тайёрланган, Вазирлар Маҳкамасининг «Мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш тартиби ва шартлари ҳақидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори лойиҳаси рус тилида муҳокамага ташланди.

Ҳужжат лойиҳасида мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш тартиби ва шартлари ҳақидаги низом президентнинг 2018 йил 12 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–5414-сонли қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 22 октябрдаги «Ўзбекистон Республикасида мобил қурилмаларни ҳисобга олиш тизимини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги №847-сонли қарорига кўра ишлаб чиқилгани айтилмоқда.

«Мазкур низом билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги барча юридик ва жисмоний шахслар томонидан риоя этилиши шарт бўлган мобил телефонлар ва мобил алоқа модулига эга бўлган бошқа қурилмаларни қайддан ўтказиш тартиби ва шартлари тартибга солинади», — дейилади ҳужжат лойиҳасида.

Ўзбекистонда фойдаланилаётган, олиб кирилаётган, сотилаётган, ишлаб чиқарилаётган ҳамда абонентларга Ўзбекистон ҳудудида GSM, UMTS ва LTE стандартларида мобил алоқа хизматларидан фойдаланиш имконини берувчи мобил телефонлар (масалан, телефон ва смартфонлар) ва мобил алоқа модулига эга бўлган қурилмалар (масалан, ноутбуклар, планшетли компьютерлар, модемлар, банкоматлар, инфокиосклар, ақлли соатлар, телеметрия қурилмалари, ақлли уй ва хавфсизлик тизими элементлари) қайддан ўтказилади.

Маълумот учун: IMEI коди (International Mobile Equipment Identification) — мобил қурилманинг халқаро уникал идентификация номеридир. IMEI код 15та рақамдан иборат ва уни кўриш учун мобил қурилма клавиатурасида *#06# символларини босиш керак. GSMA ассоциацияси Мобил қурилмаларни идентификациялар халқаро маълумотлар базаси (IMEI Db) сифатида танилган уникал тизимни қўллайди, бу база мобил қурилмалар (телефонлар, ноутбуклар, планшетлар ва ҳ.к.) IMEI диапазонлари ҳақидаги асосий маълумотларни ўзида тўплаган марказий маълумотлар базаси бўлиб, бутун дунёда ундан фойдаланилади.

Эндиликда мобил алоқа тармоғида қайддан ўтмаган мобил қурилмалар воситасида мобил алоқа хизматидан фойдаланиш чекланади.

Мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш қуйидаги усуллардан исталган бири орқали амалга оширилади:
· Тизим операторига мобил қурилма эгаси ёки унинг вакили шахсан мурожаат қилиб, ариза топшириш;
· Мобил қурилма эгаси ёки унинг вакили мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш ҳудудий пунктига шахсан мурожаат қилиб, ариза топшириш;
· Интерактив давлат хизматлари ягона порталига ариза топшириш;
· Тизим оператори веб сайтига ариза топшириш.

Тизим оператори тизимдаги мобил қурилмаларни қуйидаги тоифаларга бўлиб синфлаштиришни таъминлайди:

а) «оқ» рўйхат — Низом талабларига мувофиқ қайддан ўтказилган мобил қурилмаларнинг IMEI кодлари. «Оқ» рўйхатга киритилган мобил қурилмалари орқали мобил алоқа хизмати кўрсатиш ўрнатилган тартибда ва чекловларсиз амалга оширилади;

б) «қора» рўйхат — Низом талаблари асосида тизимда қайддан ўтказилмаган, йўқотилган ёки ўғирланган сифатида белгилаб қўйилган мобил қурилмалари, шунингдек GSMA ассоциацияси маълумотлар базасига мос келмайдиган IMEI кодлари. «Қора» рўйхатга киритилган мобил қурилмалар орқали мобил алоқа хизмати кўрсатиш чекланади;

в) «кулранг» рўйхат — вақтинчалик «оқ» ёки «қора» рўйхатга киритиш мумкин бўлмаган мобил қурилмалар IMEI кодлари.

Ҳужжат лойиҳасида қайд этилишича, жисмоний шахс шахсий фойдаланиши учун 6 ой мобайнида фақат битта мобил қурилмани қайддан ўтказиши мумкин бўлади.

«Мобил алоқа операторлари IMEI кодлари бўйича «қора» рўйхатга мансуб мобил қурилмалар фаолиятини тизим операторлари томонидан у мазкур рўйхатга киритилган ондан бошлаб чеклашади. Мобил қурилмаларнинг чекланиши дейилганда, мазкур мобил қурилма орқали шошилинч хизматларга қўнғироқ қилишдан ўзга ҳар қандай телекоммуникацион хизматдан фойдаланиб бўлмаслиги тушунилади», — дейилади ҳужжат лойиҳасида.

IMEI коди «оқ» рўйхатда қайд этилган мобил қурилма йўқотилганда ёки ўғирланганда унинг эгаси ички ишлар органларига мурожаат қилиши мумкин. Бундай ҳолларда тизим оператори мобил қурилмаларнинг IMEI кодларини «оқ» рўйхатдан «қора» рўйхатга ёки аксинча ўтказишга мажбур.

Диққат қилиш керакки, тизим ишга тушгач, юридик ва жисмоний шахслар томонидан олиб кирилаётган ёки миллий ишлаб чиқарувчилар томонидан уникал идентификацион кодлар билан ишлаб чиқарилаётган мобил қурилмаларни қайддан ўтказиш тизим оператори томонидан пуллик асосда қайддан ўтказилади.

Яна бир қизиқарли факт шундан иборатки, 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг мобил қурилмалари IMEI кодлари рўйхатдан ўтказилмайди.

Ҳужжат муҳокамаси қизғин тус олмоқда. Фуқароларда мазкур ҳужжат юзасидан бир неча асосли саволлар вужудга келмоқда. Уларнинг айримлари:
· Нега айнан 6 ойда бир дона мобил қурилмани қайддан ўтказиш билан чекланмоқда?
· 16 ёшгача тўлмаган болаларнинг мобил қурилмалари қайддан ўтказилмаслиги сабаби нимада? Чунки айни пайтда ота-оналарга ўз фарзандларини мобил қурилма орқали назорат қилиш осон.
· Доимо алоқада бўлиб туриши шарт бўлган раҳбар ва бошқа ходимлар бор. Уларнинг, умуман, бошқа кимнингдир телефони тўсатдан эскириб қолса ёки бузилса, янгисини рўйхатдан ўтказиш учун 6 ойлик вақт поёнига етмаган бўлса нима қилиш керак?
· Айни пайтда жуда кўп мобил қурилмалар иккита сим карта билан ишлайди ва сим карталарнинг ҳар бирига алоҳида IMEI-код ажратилади. Бу ҳолатда абонент 6 ой давомида битта сим карта ишлатишга мажбурми?
· Юртимизда туризмни ривожлантириш учун кўп саъй-ҳаракатлар қилинмоқда. Туристик сим карталар жорий этиш таклифлари берилмоқда.

Бу чора хорижий туристларнинг юртимизнинг тарихий жойларидан мобил интернетдан фойдаланишида қийинчиликлар келтириб чиқармайдими? Хорижий давлатлардан келган туристлар бундай ҳужжатларга имзо қўйишни ёқтиришмайди ва бу уларнинг кўз ўнгида мамлакатимиз имижи пасайишига олиб келмайдими?

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Фикрлар (0)


Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзбекистонда мобил телефонлари, ноутбук ва планшетларни ёппасига қайддан ўтказиш бошланмоқда
[/banner_pushhouse