15:00 / 25.11.2020
3 047

2021 йилнинг устувор йўналиши белгиланди

2021 йилнинг устувор йўналиши белгиланди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида ҳудудларда хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантиришга қаратилган устувор вазифалар муҳокама қилинди. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Хизматлар иқтисодиётнинг муҳим қисми. Дунёда сервис соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ўртача 61 фоизни ташкил этади. Мамлакатимизда бу кўрсаткич 36 фоиздир. Лекин 86 фоиз қўшилган қиймат шу соҳада яратилади.

Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Наманган, Сурхондарёда аҳоли жон бошига хизматлар ҳажми мамлакатимиздаги ўртача кўрсаткичдан 2 баробар паст.

Йиғилишда бу соҳада захиралар кўплиги таъкидланиб, ҳудудларда хизматлар ва сервис соҳасини ривожлантириш келгуси йилги устувор йўналиш этиб белгиланди.

Аввало, йўл бўйи инфратузилмасини яхшилаш орқали 700 миллиард сўмлик қўшимча хизматлар яратиш имкони борлиги таъкидланди. Жумладан, 150 дан ортиқ туман ва шаҳардан ўтадиган 10 минг километр йўлда 400 дан зиёд йирик сервис объектлари учун эҳтиёж мавжуд.

Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга Тошкент–Андижон, Тошкент–Термиз ҳамда Самарқанд–Нукус халқаро йўллари ёқасида савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этиш, янги иш ўринларини кўпайтириш бўйича топшириқлар берилди.

Инвесторлар иштирокида истироҳат боғлари ҳамда хиёбонларнинг бир қисмида енгил конструкцияли савдо, умумий овқатланиш ва кўнгилочар объектлар ташкил этиш, таълим, маданият, спорт ва соғлиқни сақлаш объектларининг бўш турган қисмини тадбиркорларга бериш орқали ҳам кўплаб хизматларни йўлга қўйиш мумкин.

Тадбиркорларни жалб қилган ҳолда спорт объектлари қуриш учун келгуси йилда 500 миллиард сўм кредит ажратилиши белгиланди.
Бугунги кунда агросаноат тармоғи изчил ривожланиб, замонавий иссиқхоналар, интенсив боғлар ва чорвачилик хўжаликлари учун агроном, зоотехник, ветеринар, ўсимликларни ҳимоя қилиш, уруғчилик бўйича мутахассисларга талаб ошиб бормоқда.

Шу боис соҳада замонавий хизматлар кўламини кенгайтириш, хорижий мутахассисларни жалб қилиб, амалий ўқув курслари ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Транспорт соҳаси хизматларда энг юқори улушга эга. Бу борада аҳолининг энг кўп норозилигига сабаб бўлаётган жамоат транспорти бўйича Тошкент шаҳрида янги тизим жорий этилмоқда.

Транспорт вазирлигига хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда Нукус шаҳри, вилоятлар маркази ва йирик шаҳарларда ҳам жамоат транспорти тизимини ривожлантириш бўйича кўрсатма берилди.

Хизмат кўрсатиш соҳасини қўллаб-қувватлаш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Жумладан, хизматлар бўйича йиллик тушуми 1 миллиард сўмдан кам бўлган тадбиркорлар учун қўшилган қиймат солиғини чорак якуни бўйича тўлаш тартиби давом эттирилиши маълум қилинди. Ушбу чора 8 мингдан зиёд тадбиркор ихтиёрида бир чоракда 220 миллиард сўм айланма маблағ қолишига имкон беради.

Шунингдек, товар ва хизматларни экспорт қилган корхоналарга қўшилган қиймат солиғи валюта тушумини кутмасдан қайтариб берилади. Бу қулайлик натижасида тадбиркорлар ихтиёрида бир чоракда 200 миллиард сўм айланма маблағ қолади. Мутасадди вазирликларга шу бўйича кўрсатмалар берилди.

Умуман, ҳар бир вилоят, туман ва шаҳар ҳокими ўз ҳудудида хизматлар соҳасини ривожлантириш дастурини тузиб, сўзсиз амалга ошириши кераклиги белгиланди. Бу борада намунавий лойиҳалар ишлаб чиқиб, молиялаштиришга кўмаклашиш учун тижорат банклари ҳудудларга бириктирилди. Барча туманлар кесимида аниқ вазифаларни ўз ичига олган ҳукумат қарори қабул қилиш вазифаси қўйилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » 2021 йилнинг устувор йўналиши белгиланди