06:00 / 07.05.2023
638

UzAuto Motors Onix сотувини тўхтатганига акс-садо: “Монополист энди фақат чайқовчилик қиладими?”

UzAuto Motors Onix сотувини тўхтатганига акс-садо: “Монополист энди фақат чайқовчилик қиладими?”

Фото: UzAuto Motors

UzAuto Motors Chevrolet Tracker вa Onix автомобиллари учун шартномалар беришни тўхтатди. Компания декабрь ойи бошида бюджет моделлар – Damas, Labo, Cobalt вa Gentra учун шартнома тузишни тўхтатган эди. Орадан беш ой вақт ўтган бўлса-да, бу моделлар сотуви қачон очилиши борасида ҳам ҳеч қандай маълумот йўқ.

Kun.uz мазкур ҳолат ва компания атрофидаги бошқа воқеалар юзасидан жамоатчилик фаоллари билдираётган фикрларни жамлади.

“Монополист энди фақат чайқовчилик қиладими?”

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўзбекистонликлар учун сотуви тўхтатилган автомашиналар UzAuto Motors'нинг қўшни давлатлардаги савдо марказларида бор ва бемалол эканига эътибор қаратди.

Ҳозирда автосалон ва тегишли иловадан фақат бож тўламасдан, олибсотарлик кўринишида келтирилаётган 419 млн сўмдан 1,1 млрд сўмгача бўлган Malibu, Equinox, Traverse ва Tahoe автоларига шартнома қилиш мумкин холос.

Энди нафақат кам даромадли ва ўртадан паст, балки, ўрта ва ўртадан юқори даромад эгалари бўлган ўзбекистонликлар ҳам автомобиль сотиб олишнинг танловсиз, ягона вариантидан мосуво бўлишди. Ҳукумат айнан кам бюджетли ва ўрта бюджетли автомобиллар учун жуда юқори бож тўловлари ва чекловларини белгилаган.

Ҳаммасидан қизиғи, ўзбекистонлик истеъмолчиларга тупуриб қўйган монополист UzAuto Motors эркин бозорлар ҳисобланган Қозоғистон, Қирғизистон ва Озарбойжонда янги ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этмоқда ва кенгайтирмоқда. Ўзбекистонликларга йўқ машина, саналган давлатлар харидорлари учун бор ва бемалол”, – дея ёзади Отабек Бакиров.

“Лаваш нархига тенг пеня”

Адвокат ва автоблогер Камолиддин Баҳавадиновнинг таъкидлашича, UzAuto Motors ва харидорлар ўртасида тузилган шартнома шартлари тўлалигича компания манфаатларига хизмат қилади.

UzAuto Motors номли бошоғриқнинг ҳозирча ягона давоси, менимча, шунчаки ундан автомашина харид қилмаслик.

Шартнома ва унинг шартлари эркин тузилади ва шартнома бандларига эътироз билдириш иш бермаслиги мумкин. Сабаби, сиз олибсотарнинг барча “шарт”ларига рози бўлиб имзо чеккансиз.

UzAuto Motors ва мижоз ўртасида автомашина етказиб бериш бўйича тузилган шартнома:

5.1 Маҳсулотни етказиб бериш муддатлари бузилган тақдирда, харидор дилердан ҳар бир кечиктирилган кун учун маҳсулот қийматининг 0,01 фоизи миқдорида жарима (пеня) ундириш ҳуқуқига эга, бироқ бунда жарима (пеня)нинг умумий суммаси маҳсулот қийматининг 5 фоизи миқдоридан юқори бўлмаслиги керак.

Бунақа пеня фоизлари билан ким ҳам куттирмасин мижозни. Қўлимга мижоз ва UzAuto Motors  билан автомашина етказиб бериш бўйича тузилган шартномалардан бири келиб тушди. Фақат бир томон манфаати учун ишлайдиган шартномаларни кўп кўрганман, аммо бунақа “сиртмоқ” шартномалар фақат олибсотарда”, дейди у.

“Афтидан, нархлар яна ошади”

Блогер Қобил Хидиров (Davletovuz) UzAuto Motors автомашиналарининг нархи яқин кунларда яна оширилиши мумкинлигини тахмин қилди.

UzAuto Motors Chevrolet Tracker вa Onix автомобиллари учун шартнома беришни тўхтатган. Компания буни янги комплектациядаги моделлар учун шартномалар тез кунда очилиши билан изоҳлаган. Бунда иситиш тизими опциялари қўшилиши ва редлайн позициялари назарда тутилган. Афтидан, нархлар яна ошади”.

“Ҳар қандай монополия чўнтагимиздан максимал миқдорда пул чиқартиришга интилади”

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбонов электр транспорт воситалари учун божлар олиб ташланганидан кейин Ўзбекистон бозорига электромобиллар кириб келиши кўпайгани ва нархлар пасайгани мисолида, монополиянинг рақобат муҳитига таъсири ҳақида фикр билдирди.

Хитойдан электр транспорт воситаларини тўғридан тўғри импорт қилишга ёрдам берадиган кўплаб компаниялар, импортчилар ва ҳатто воситачилар пайдо бўлди. Натижада, нарх ҳақиқатан ҳам тушди. Ўтган йили 40 минг доллардан ошиқроққа электромобил сотиб олган дўстларимиз ўша машиналар аллақачон 35 мингдан сотилаётганини кўришмоқда.

Бундан ташқари, агар сиз салонга электромобил сотиб олиш истаги билан келсангиз ва унинг нархи бошқасига нисбатан қимматроқ бўлса, дарҳол қўшимча чегирма ёки аксессуарлар билан компенсация оласиз. Бу рақобат, мижозларнинг пуллари учун ҳақиқий кураш.

Ҳар қандай монополия чўнтагимиздан максимал миқдорда пул чиқартиришга интилади. Сизнинг манфаатларингиз ниқоби остида ҳамёнидан пул чиқаришига ишонманг”, дейди иқтисодчи.


arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » UzAuto Motors Onix сотувини тўхтатганига акс-садо: “Монополист энди фақат чайқовчилик қиладими?”