Toyota, Lexus ва Honda етакчилик қилган рейтинг эълон қилинди

Таҳлилчилар 174 миллиондан ортиқ автомобиль ҳақидаги маълумотларни ўрганиб, қайси брендлар 400 минг километр масофани жиддий носозликларсиз босиб ўтиш эҳтимоли юқори эканини аниқлади.
Автомобиль бозорини тадқиқ қилувчи машҳур iSeeCars компанияси машиналарнинг чидамлилиги бўйича янги рейтингни тақдим этди. Натижалар япон автосаноати бу борада ҳануз етакчиликни сақлаб қолаётганини кўрсатди. Рейтингнинг дастлабки тўрт ўрнини Toyota, Lexus, Honda ва Acura каби япон брендлари эгаллади.
Рўйхатда мутлақ пешқадам Toyota бўлди. Ҳисоб-китобларга кўра, мазкур бренд автомобилларининг 400 минг километрлик маррани босиб ўтиш эҳтимоли 17,8 фоизни ташкил этган. Бу эса бутун автосаноат бўйича ўртача кўрсаткичдан қарийб 3,7 баравар юқори натижа ҳисобланади.
Энг яхши ўнталикдан GMC, Tesla, Chevrolet, Cadillac, Mazda ва Ram брендлари ҳам ўрин олди. Tesla эса кучли олтиликка кирган ягона электромобиль ишлаб чиқарувчиси сифатида эътибор қозонди.

Рейтингнинг қуйи поғоналаридан BMW, Audi ва Land Rover каби Европа брендлари жой олди. Энг паст кўрсаткичлар Jaguar, MINI ва Maserati автомобилларида қайд этилди.
Мутахассислар таъкидлашича, замонавий технологиялар ривожланган даврда ҳам 400 минг километр масофани жиддий муаммоларсиз босиб ўтадиган автомобиль ишлаб чиқариш кўплаб компаниялар учун мураккаб вазифа бўлиб қолмоқда.





























Изоҳлар 0
…