13:30 / 08.04.2021
3 599

Иқтисодчи: «UzAuto Motors халқни исталган ёлғонга ишониб кетадиган лақма ва саводсиз, деб ҳисоблайди»

Иқтисодчи: «UzAuto Motors халқни исталган ёлғонга ишониб кетадиган лақма ва саводсиз, деб ҳисоблайди»
Фото: «autostrada.uz»
Куни кеча, UzAuto Motors компанияси Chevrolet Malibu-2 моделлари, шунингдек, янгиланган Equinox ва Tracker нархларини кескин оширгани маълум бўлганди. Аввалига бу нарх оширилиши ҳақида компания ҳеч қандай маълумот бермади. Ҳолат ижтимоий тармоқлар орқали ошкор бўлгач, UzAuto Motors нархларнинг ошиши сабабларини санади.

Хусусан, «доллар курсининг ўсиши (30 фоиздан кўпроққа), Корея Республикаси вони курсининг долларга нисбатан мустаҳкамланиши (10-15%), пандемия ва бошқа омиллар натижасида логистика нархининг дунё миқёсида ўсиши ушбу автомобиль русуми нархининг янгиланишига асосий сабабларидан бўлди», дейилганди изоҳда.

Аммо монопол компаниянинг бу изоҳи дарҳол қаршиликка учради ва ёлғон маълумот тарқатганликда айбланди. Bankiroff канали муаллифи, иқтисодчи Отабек Бакиров шундай ёзади:

«1 АҚШ доллари 2019 йил 1 октябрда 9 446,65 сўмни ташкил этган. 2021 йил 31 март ҳолатига 1 АҚШ доллари 10 474,98 сўмдан иборат бўлган. Бу даврда доллар курси сўмга нисбатан 10,88%га ошган.

Монополист Ўзавтомоторс таъкидлаётганидек курс 30%га ошмаган.

1 АҚШ долларининг Корея вонига нисбатан қиймати 2019 йил 1 октябрдан 2021 йил 31 мартга қадар 1201,86дан 1133,66гача ўзгарган. Ёки бошқача айтганда, Корея вони АҚШ долларига нисбатан Ўзавтомоторс таъкидлаётганидек, 10-15% эмас, 6%га мустаҳкамланган.

Ўзавтомоторс ё ўзбекистонликларнинг исталган ёлғонни айтса ишониб кетадиган лақма ва саводсиз, деб ҳисоблайди ёки рақобатдан ҳоли компания оддий арифметикани ҳам ёддан кўтариш даражасигача деградацияга учраган.

Ҳа айтгандай, Ўзбекистон қонунларига тупуриб қўйиб, бир сўм бож тўланмай, Хитойдан олиб келиб сотилаётган янгиланган Tracker эскисидан минг доллардан ортиқ комплектацияга эга бўлдими?

Equinox автомобилида RS комплектациясида янгиланиши тўрт ярим минг долларга тушмоқдами? Балки бу ерда ҳам ёлғончи калькуляцияга чақиб кўрарсизлар?

Монополият мафкураси шунчалар бузилганки, курс ўзгаришига мувофиқ автомашиналар нархи мутаносиб равишда ошмаслиги ҳақида ҳатто тасаввурлар ўлиб бўлган. Курс ўзгаришларига қарамай, очиқ бозорда нархларни рақобат ва харажатларни мақбуллаштиришга уринишлар тийиб туришини ҳазм этмайди
».

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » Иқтисодчи: «UzAuto Motors халқни исталган ёлғонга ишониб кетадиган лақма ва саводсиз, деб ҳисоблайди»