23:39 / 23.05.2018
5 659

«Бадиий кенгашда ким ўтирибди ўзи». Фарҳод Саидов «Ўзбекконцерт» қарорига муносабат билдирди (видео)

«Бадиий кенгашда ким ўтирибди ўзи». Фарҳод Саидов «Ўзбекконцерт» қарорига муносабат билдирди (видео)
Фото: «Дарё»
«Ўзбекконцерт» давлат муассасаси ҳузуридаги қўшиқлар ва уларга ишланган видеоклиплар савиясини баҳолаш Бадиий кенгашининг йиғилишида Фарҳод Саидовнинг «Жимир-жимир» номли қўшиғи матни савияси паст бўлганлиги боис рад этилган эди.

Ушбу хонандага қўшиқ ва унга ишланган видеоклипдаги матнни шоирларга кўрсатиб қайта тўғрилаш, видеоклип сценарийсининг ғоявий-бадиий даражасига алоҳида эътибор қаратиши лозимлиги таъкидланиб, видеоклипни Бадиий Кенгашга қайта топширилиши борасида тавсия этилган эди.

Фарҳод Саидов журналист Феруз Муҳаммадга берган интервьюсида бу сўзлар халқ оғзаки ижодидан олинганлиги ҳамда халқ оғзаки ижодини савиясиз дейишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқлиги ҳақида гапириб берди.

Бадиий кенгаш аъзолари кимлардан иборат эканлигини билмайман. Бу ҳолат юзасидан бир мисол келтирмоқчиман. XI асрда яшаб ўтган шарқ донишманди Кайковуснинг «Қобуснома» асаридаги ҳофиз ва мусиқачиларга бағишланган бобида «Ҳамма вақт оғир йўлларни чалаверма ва ҳамма вақт енгил йўлларни ҳам чалаверма, чунки барча йўлни бир хилда чалмаслик керак, негаки одамларнинг ҳаммаси бир хилда эмас, табиатлари ҳам бир-бирига мувофиқ эмас, халқ хилма-хилдир», деган. Демак енгилроқ ҳам, оғирроқ ҳам айтиш керак.

Қўлинг қўлимга тегса жимир-жимир қилади,
Исминг айтсам юракка қимир-қимир қилади.

Бу фалсафа-ку, демак шунчалик сени яхши кўраманки, шунчалик мен учун аҳамиятлисанки, мабодо қўлинг қўлимга тегиб кетса, буни бутун баданим ҳам ҳис қилади. Исмингни айтсам, юрагим қинидан чиқиб кетгудай бўлади, дейилмоқда. Бу бизнинг халқ оғзаки ижодимиздан олинган. Буни нотўғри, савияси паст деган одам бизнинг меросимизга қаршилик қилган бўлади. Халқ оғзаки ижодини савияси паст дейишга кимнинг ҳаққи бор, бу сўзлар 100-150 йиллардан буён келаётган фольклордир. Қани савияси пастлик, бадиий кенгашда ким ўтирибди ўзи, ким буни савияси паст деб айтмоқда.

Ҳай-ҳай гўзалим, бунча таманно қиласан,
Ақлимни олиб ошиқ-у шайдо қиласан.
Гоҳ қошни қоқиб, кўзларни сузиб,
Бир лаҳзада юз фитнани пайдо қиласан.

Бу менимча, савия жиҳатидан ўша айтилаётган қўшиқларнинг юзталарига тўғри келса керак. «Қаддимни бу қошингиз эгиб ё қиласиз», қаддимни букяпсиз, дейилган. «Ман ғам чекаман, сиз нега ялло қиласиз», ман азобланган сайин, сиз мазза қиласиз дейилмоқда.

Шу сўзларнинг савияси паст денглар, мен қўлимни кўтараман, бўлди, бошқа гапим йўқ.

Фарҳод Саидов, хонанда

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Маданият » «Бадиий кенгашда ким ўтирибди ўзи». Фарҳод Саидов «Ўзбекконцерт» қарорига муносабат билдирди (видео)