18:47 / 12.06.2022
1 647

Хитой: агар Тайван мустақиллик эълон қилса, бу урушга олиб келади

Хитой: агар Тайван мустақиллик эълон қилса, бу урушга олиб келади
Фото: Reuters
Хитой мудофаа вазири Вэй Фэнҳэнинг айтишича, бошқа йўл қолдирилмаса, хитойликлар Тайвандаги назоратни сақлаб қолиш учун ҳар қандай ишни қилади. Бу ҳақда шу кунларда Сингапурда ўтаётган Осиё хавфсизлиги бўйича саммит доирасида Хитой мудофаа вазири Вэй Фэнҳэ америкалик ҳамкасби Ллойд Остин билан учрашувда маълум қилди.

Бу Хитой ва АҚШ мудофаа вазирларининг илк учрашуви эди ва у бир соатдан ортиқ давом этган.

Кескин баёнотлар

Тайван амалда Хитойдан айри давлат сифатида шаклланган, лекин расман «Хитой республикаси» номини сақлаб турибди. Мамлакатнинг ўз конституцияси, армияси ва сайланган ҳукумати бор. Фуқаролик уруши тугаши ва 1949 йил материкда коммунистлар ғалабасидан кейин сайланган ҳукуматини Тайван Хитойдаги ягона қонуний бошқарув органи деб билади. Дунёдаги 14 та кичик, лекин тан олинган давлатлар Тайванни мустақил давлат сифатида тан олган ва дипломатик алоқалар ўрнатган.

Пекин Тайванни ўз провинцияси деб билади. Баъзи тайванлик сиёсатчилар мамлакат номини Хитой деб аташни бас қилиб, мустақиллик эълон қилиш керак деб ҳисоблайди. Бу эса Хитойга ёқмайди. 2021 йил январда Пекин Тайванни мустақиллик даъво қилаверса, уруш билан қўрқитганди.

Ўшандан буён Хитой ҳарбий самолётлари Тайван яқинида манёврлар амалга ошириб учади. Бу эса Вашингтоннинг норозилигини уйғотади.

Яқинда АҚШ президенти Жо Байден Хитой Тайванга таҳдид қилиш орқали олов билан ўйнашаётганини айтди. Байден орол ҳужумга учраса, АҚШ ҳарбий кучлари вазиятга аралашишини айтганди. АҚШ орол мустақиллигини тан олмайди, лекин 1979 йил имзоланган Тайван билан муносабатлар тўғрисидаги қонун асосида мамлакатга ўзини ҳимоя қилиши учун қурол етказиб беришга ҳақли.

АҚШ Тайвандаги кво-статус ҳар қандай куч билан ўзгартирилишига қарши. Хитой ҳужум қилса, АҚШ қандай реакция қилиши тўғрисидаги саволга жавоб эса доимгидек «стратегик иккиланиш» кўринишида мавжуд. Масалан, Байден ҳамманинг олдида АҚШ армияси Тайванга ёрдам бериши ҳақида гапириши, ёрдамчилари эса президент бошқача маънода гапирганини изоҳлашга уриниши мумкин. Аммо Байден бунгача ҳам АҚШ армияси вазиятга аралашиши ҳақида очиқ гапирганди.

Сингапурдаги АҚШ ва Хитой мудофаа вазирлари учрашувида Пентагон раҳбари Ллойд Остин АҚШ «ягона Хитой» тамойилига амал қилиши, аммо Пекиннинг Тайванга нисбатан ҳаракатлари провокацион экани, бу бутун минтақадаги вазиятни издан чиқаришини айтди. АҚШ мудофаа вазири Пекинни можарони ҳал қилиш учун ҳар қандай куч ишлатишдан қочишга чақирди.

Бу АҚШ ва Хитой мудофаа вазирлари Ллойд Остин (чапда) ва Вэй Фэнҳэ илк ўзаро учрашувидир. Томонлар бу учрашув яхши ва фойдали кечганини айтишган. Фото: EPA
Хитой мудофаа вазири эса чинакамига вазиятни издан чиқараётган иш бу АҚШнинг Тайванга қурол сотиши эканини айтди. «Агар кимдир Тайванни Хитойдан ажратишни истаса, Хитой армияси Тайванда «мустақиллик» ўрнатишга уринишни ҳар қанақасига тўхтатишга, Хитойнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашга киришади», деган Хитой мудофаа вазири.

Икки томондан ҳам кескин баёнотлар янграганига қарамай, Остин ва Вэй учрашув самарали ўтганини айтишди. Пентагон раҳбари тушунмовчиликларнинг олдини олиш мақсадида Хитой мудофаа вазирлиги билан доимий ва тўғридан тўғри алоқада бўлиш зарур эканини қайд этди.

Эслатиб ўтамиз, май ойи охирида Тайван Хитойнинг 30 та ҳарбий самолёти орол ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимининг кузатув ҳудудига киргач, ўз қирувчи самолётларини осмонга учирганини маълум қилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой: агар Тайван мустақиллик эълон қилса, бу урушга олиб келади