14:24 / 16.06.2022
1 180

Италия, Франция ва Германия етакчилари Украинага етиб келди

Италия, Франция ва Германия етакчилари Украинага етиб келди
Фото: RaiNews24
Италия бош вазири Марио Драги, Франция президенти Эммануэль Макрон ва Германия федерал канцлери Олаф Шольц Украинага етиб келди. Бу ҳақда Италиянинг RaiNews24 телеканали хабар берди.

«Европа етакчилари аллақачон Украина ҳудудида бўлиб турибди», — дея маълум қилди тонгги хабарлар бошловчиси.

Телеканал Драги, Макрон ва Шольцнинг фотосуратини намойиш қилди, унда улар поездда стол атрофида ўтириб, норасмий муҳитда мулоқот қилаётганини кўриш мумкин. Шу маълумотга қараганда, улар Киевга Варшавадан кириб келаётган бўлиши мумкин.

Драги, Макрон ва Шольц Киевга ташриф буюришни режалаштираётгани ҳақида 11 июнь, шанба куни Германиянинг Bild am Sonntag газетаси Украина ва Франция ҳукумат доираларидаги манбаларига таяниб хабар берганди. Кейинроқ журналистлар улар Украина пойтахтига 16 июнь, пайшанба куни эрталаб поездда етиб келишидан хабар топди.

Ушбу сафар ҳақида хавфсизлик юзасидан ҳеч қандай расмий ахборот тарқатилмаган.

Аввалроқ Europe 1 манбалари Макроннинг яқин ҳафталарда кутилаётган Киевга сафари ҳақида хабар берган эди. Радиостанция маълумотларига кўра, ушбу ташриф чоғида Франция раҳбари Украинага яна олтита 155 миллиметрли Caesar ўзиюрар артиллерия мосламалари топширилиши ҳақида эълон қилиши мумкин. Бундай қуролларнинг биринчи олтиталиги апрель ойининг охирида Киевга етказилган.

Апрель ойида La Repubblica ҳам Драгининг Украинага эҳтимолий ташрифи ҳақида ёзган эди.

Май ойида Шольц Германия президенти Франк-Валтер Штайнмаердан олдин Киевга кела олмаслигини айтган эди. Штайнмаер апрель ойида Польша, Литва, Латвия ва Эстония президентлари билан бирга Украина пойтахтига келмоқчи бўлган, бироқ унинг Украинага ташрифи рад этилган. Билд манбаларига кўра, бунга Германия президентининг Россия билан «яқин алоқалари» ва «Шимолий оқим 2»ни қўллаб-қувватлаши сабаб бўлган.

Шольц Украинада жанговар ҳаракатлар бошланганидан бери Киевга ташриф буюрмагани учун танқид қилинди. Украина элчиси Андрий Мельник «Германия сиёсатининг сустлиги» ҳақида гапирди, унинг фикрича, Россия босқини бошланганидан бери Германия федерал ҳукуматининг бирорта вакили ҳам мамлакатга ташриф буюрмагани шундан далолат беради.

Шундан сўнг Зеленский канцлерга 9 май куни Киевга келишни таклиф қилди, бироқ ташриф амалга ошмади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Италия, Франция ва Германия етакчилари Украинага етиб келди