Зинедин Зидан Италия билан дурангдан сўнг нималардан хафа бўлганини айтди

Зинедин Зидан Италия билан дурангдан сўнг нималардан хафа бўлганини айтди
ҚисқачаAI ёрдамида тайёрланганКўрсатиш
  • Франсия бош мураббийи Зинедин Зидан Италия билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган Миллатлар Лигаси учрашувидан қониқмаганини билдирди.
  • Унинг фикрича, жамоаси кўпроқ нарсага лойиқ эди ва ўйинни ғалаба билан якунлаши керак эди.
  • Зидан шогирдларининг майдондаги ҳаракатларидан фахрланишини, аммо кичик тафсилотлар ғалабани олиб келмаганини таъкидлади.

Миллатлар Лигасининг марказий баҳсларидан бирида Франция ва Италия терма жамоалари 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Учрашув якунлангач, францияликлар бош мураббийи Зинедин Зидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди ва ўйиндан қониқиш ҳосил қилган бўлса-да, натижадан қаттиқ хафа эканини яширмади.

Франция устози майдонда шогирдлари устунлик қилганини, аммо футболдаги майда тафсилотлар ғалабани илиб кетишга йўл қўймаганини таъкидлади.

«Футболчиларим билан фахрланаман»

Зинедин Зидан TF1 эфирига берган интервьюсида ўйин таҳлили ва ҳиссиётлари ҳақида очиқ гапирди:

«Жуда хафаман, чунки биз кўпроғига лойиқ эдик. Лекин футбол шунақа. Ўйинни ғалаба билан якунлашимиз керак эди. Шунга қарамай, футболчиларим билан фахрланаман. Улар майдонда бор кучларини беришди, бунга шубҳа йўқ», — деди бош мураббий.

Мутахассис учрашувнинг биринчи ва иккинчи бўлимларидаги тактик ўзгаришларга ҳам тўхталиб ўтди:

«Биринчи бўлимда тўпни назорат қилдик, аммо бу натижа бермади. Танаффусда айнан шу жиҳатни тўғрилашга ҳаракат қилдик. Рақибга зарба бериш учун бўш ҳудудлардан фойдаланиш керак. Биз режалаштирган ўйинни кўрсата олдик, Италия эса ўзининг ҳимоявий услубида ҳаракат қилди. Дарвозамиз олдида жиддий хавф деярли бўлмади».

«Кичик бир ҳолат ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин»

Журналистларнинг Лукас да Куня ҳақидаги саволига жавоб берар экан, Зидан жамоанинг ҳар бир аъзосига тўлиқ ишонишини билдирди:

«Бутун ўйин давомида яхши ҳаракат қиласиз, ҳамма ишни тўғри бажарасиз, аммо кичик бир ҳолат ҳаммасини ўзгартириб юбориши мумкин. Лукас да Кунядан хафаманми? Йўқ. Мен учун энг муҳими — барча футболчиларимда кўрган нарсаларим. Уларнинг ўйинидан жуда мамнунман. Улар бугун кўрсатган футболи билан фахрланишлари мумкин».

Изоҳлар 0

…

Мавзуга оид янгиликлар