23:20 / 16.06.2022
1 334

Футбол бўйича Россия миллий жамоаси собиқ сардори Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни танқид қилди

Футбол бўйича Россия миллий жамоаси собиқ сардори Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни танқид қилди
Фото: Global Look Press
Россия футбол жамоасининг собиқ сардори Игор Денисов Украинага ҳужумни «фалокат» деб атади ва Путинга видеомурожаат йўллаб, урушни тўхтатишга чақирганини айтди.

Петербургнинг «Зенит» клуби собиқ футболчиси ва футбол бўйича Россия миллий жамоаси собиқ сардори Игор Денисов Россиянинг Украинага бостириб киришига очиқчасига қарши чиқди ҳамда буни «ҳалокат» ва «даҳшат» деб атади. Бу ҳақда футболчи 15 июнь, чоршанба куни журналист Нобел Арустамянга берган интервьюсида айтиб ўтди.

«Мен учун бу зарба эмас, даҳшат бўлди. Мен жуда ҳиссиётли одамман. Чивинни ҳам ўлдиролмайман. Мен учун уруш даҳшатга тўла офатдир. Биламан, балки бу сўзларим учун қамоққа ташланишим ёки ўлдирилишим мумкин, лекин мен буни қандай бўлса шундай дейман», - деди Денисов.

Футболчининг тан олишича, 24 февралдан кейин у оиласи билан мамлакатни тарк этиши керакми ёки йўқми, бир ҳафта ўйлаган, аммо охир-оқибат у, хотини ва болалари қолишга қарор қилишган. «Нега мен жим ўтиришим керак? Агар бунга қарши бўлса, гапириш керак», деб тушунтирди у.

Футболчи, шунингдек, ҳужум бошланганидан сўнг дарҳол Путинга видеомурожаат йўллаб, урушни тўхтатишни сўраганини айтди. «Мен ҳатто шундай дедим: «Олдингизда тиз чўкишга тайёрман». Мен мағрур йигитман. Ҳаммасини тўхтатиб қўйиши учун мен унинг олдида тиз чўкишга тайёр эдим. Бир кишининг ҳаёти нима - қандайдир Денисовники? Мағрурлик йўқолди, чунки мен ҳаммаси қаерга қараб кетаётганини тасаввур қилгандим», деди Россия миллий жамоаси собиқ сардори. Унинг сўзларига кўра, видеомурожаатини эълон қилишга ҳеч ким рози бўлмаган.

«Ҳозир ҳам қўрқяпман. Лекин буни айтмасам бўлмайди. Мен ҳеч қаерга яширинмайман, ҳеч қаерга бормайман, керак эмас. Нима бўлса, шу бўлади. Лекин қандай қилиб ичдан ўтган нарсани гапирмаслик мумкин? Биласизми, балки бошқача фикрда бўлганлар учун, мен бемаъни гапларни айтаётгандирман, лекин ўзим учун - буни билдиришим керак деб ўйлайман», - деди Денисов.

Денисов халқаро спорт ташкилотларининг уруш бошланганидан кейин россиялик спортчиларни мусобақалардан четлаштириш ҳақидаги қарорини тўғри деб атади. «Менимча, бу тўғри. Бу менинг фикрим. Сиз, мен, биз ҳаммамиз содир бўлаётган воқеаларга дахлдормиз. Буни тўхтатиш керак. Буни бизга нисбатан қаттиққўл нарса орқали тўхтатиш мумкин. Биз ҳаммамиз бу ёрдам бермайди деб куляпмиз, бу бемаънилик, йўқ», дея Денисов ўз позициясини тушунтирди.

«Вазиятнинг юзага келишида ўзимни айблаяпман. Биз ўз нуқтайи назаримизни ҳукуматимизга етказа олмаяпмиз. Бу нотўғри эканлигига тўлиқ аминман», - деди футболчи. Унинг сўзларига кўра, агар у уч йил олдин катта футболдан кетмаганида, ҳужум бошланганидан кейин шуни қилган бўларди.

Уруш ҳақидаги одамларнинг фикрини қандай ўзгартириш мумкинлиги ҳақидаги саволга Денисов: «Телевизор кўрманг», деди. Унинг сўзларига кўра, у синглисини ишонтира олмаган. «Агар биз оилада нима тўғри ва нима нотўғри эканлигини аниқлай олмасак, бошқа оилаларга қандай таъсир қилишимиз мумкин?» - деди футболчи ва уйида «телевизор тақиқлангани»ни қўшимча қилди.

«Мен ҳеч кимни ҳеч нимага рағбатлантирмаяпман - мен кимман ўзи? Мен гапирмоқчи эдим. Сиёсатни муҳокама қилиш учун тарихни яхши билиш керак, яхши ўқиган бўлиши керак. Мен ундай эмасман. Мен спортчиман. Нима тўғри, нима нотўғри экани ҳақида фақат ўз тушунчам бор», - деди Денисов.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Футбол бўйича Россия миллий жамоаси собиқ сардори Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни танқид қилди