14:23 / 23.06.2022
2 405

Тўқаев Путиннинг олдида Россия позициясига зид гапирди. Бу қатъиятми ёки режалаштирилган чиқиш?

Тўқаев Путиннинг олдида Россия позициясига зид гапирди. Бу қатъиятми ёки режалаштирилган чиқиш?
Путин ва Тўқаев Петербург халқаро иқтисодий форумида. 2022 йил 17 июн/TASS
Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида ўтган иқтисодий форумдаги чиқиши билан кўпчиликнинг ҳайратига сабаб бўлди.

Январ воқеаларидан кейин Россияга янада боғлиқ бўлиб қолиши тахмин қилинган Қозоғистон етакчиси Путиннинг кўз олдида «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслигини айтди. Тўқаев уларни квази-давлатлар деб атади. Россия Украинага гўёки айнан шу ўзини мустақил республика деб эълон қилган «давлатлар»га ёрдам бериш учун кирганини маълум қилган.

Тўқаев нима деганди?
Уруш бошлангач дунёдаги йирик компаниялар аста-секин Россиядан чиқиб кета бошлади. Петербургда ўтган иқтисодий форумда ҳам йирик инвесторлар ва дунё раҳбарларини учратиш қийин эди. Давлат раҳбарларидан фақат Қосим-Жўмарт Тўқаев саҳнада Путинга ҳамроҳлик қилди. Форумнинг асосий қисми Путиннинг чиқиши деб белгиланганди. Бу асосий қисмга модератор этиб эса Россиянинг бош пропагандачиларидан бири бўлмиш Маргарита Симонян тайинланганди.

9 май арафасида ҳарбий парад ўтказилмаслиги айтилгач, Қозоғистонга таҳдид қилиб гапирган шоумен Тигран Кеосаяннинг турмуш ўртоғи бўлмиш Маргарита Симонян Тўқаевдан Россиянинг Украинада амалга ошираётган «махсус ҳарбий амалиёти»га (Россияда ҳамон Украинадаги урушни уруш деб аташ тақиқланган) қандай қараши, бу борада қозоғистонликларнинг фикри қандай эканини сўради.

Тўқаев эса шундай жавоб берди: «Очиқ айтаман, Қозоғистонда бу борада (уруш ҳақида) ҳар хил фикрлар бор. Жамиятимиз очиқ, бизда фуқаролик жамияти етилгани яққол кўзга ташланмоқда. Шунинг учун ҳар хил фикрлар билдириляпти.

Мен шуни айтишни истардимки, замонавий халқаро ҳуқуқ бу – БМТ Низомидир. Низомдаги асосий принциплардан иккитаси ҳозирда бир-бирига қарама-қарши бўлиб қолган. Бу – давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи. БМТнинг барча асосчилари ўз вақтида бунга эътибор қаратмаган кўринади. Балки атайин қилишгандир, бу иккита принцип ҳозирда бир-бирини инкор қилмоқда. Фикрлар ҳар хил. Айримлар давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги муқаддас тушунча деб ҳисоблайди, бошқалар эса у ёки бу давлат таркибидаги миллатлар ўз давлатига эга бўлиш ва ажралиб чиқиш ҳуқуқига эга дейди.

Лекин, умуман олганда, агар миллатларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бутун Ер шарида амалда ишласа, ҳозир БМТ таркибига кирувчи 193та давлат ўрнида 500 ёки 600тадан кўп давлат пайдо бўлади. Албатта, бу хаосни келтириб чиқаради.

Шу сабабли ҳам биз на Тайванни, на Косовони, на Жанубий Осетияни ва на Абхазияни тан оламиз. Шу принцип, бизнинг фикримизча, Луганск ва Донецк каби квази-давлат ҳудудларига ҳам тааллуқлидир. Бу – сизнинг очиқчасига берган саволингизга очиқчасига жавоб
», деди Қозоғистон етакчиси.

22 феврал куни, Россия Украинага бостириб киришидан икки кун аввал Путин «ДХР» ва «ЛХР»нинг мустақиллигини тан олишини эълон қилганди. 24 феврал тонгида эса Путин Россия ушбу икки «республика»ларга ёрдам бериш учун Украинада «махсус ҳарбий амалиёт» бошланганини айтди. Бу амалда уруш бошлангани эълон қилиниши эди. Шу сабаб Россия учун «ДХР» ва «ЛХР» стратегик масала ҳисобланади.

Шу вақтгача Россиянинг Украинадаги ҳаракатларига қарши экани ҳақида кўпчилик гапирди, минглаб санкциялар айнан шу норозиликнинг нишонаси ўлароқ жорий қилинмоқда, лекин ҳали ҳеч ким Путиннинг кўз олдида уруш бошланишининг асл сабаби бўлмиш «ДХР» ва «ЛХР»ни тан олмаслиги ҳақида гапирмаганди. Макрон Путин билан 100 соат телефонда гаплашгани билан мақтаниб юрибди, лекин Франция президенти ҳам унга бу ҳақда гапирган-гапирмагани аниқ эмас.

Бир сўз билан айтганда, Тўқаев дунё сиёсатчилари орасида биринчи бўлиб Путиннинг кўз олдида унинг позициясига қарши гапирди.

Бу гапдан кўп ўтмай Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров январ воқеалари вақтида суверенитетини йўқотиш арафасидаги Қозоғистонга айнан Россия ёрдам берганини эслатди. Тўқаев эса Россиянинг бош давлат телеканали «Россия-24»га интервью бериб, бу иддаога ҳам жавоб қайтарди: «30 йиллик мавжудлик тарихида КХШТ илк марта амалда ҳаракат қилди. Таъкидлайман, Россия эмас, КХШТ. Биз ҳам ташкилотнинг фаол иштирокчиларидан биримиз», деди Тўқаев.

Тўқаевнинг бу қатъиятли чиқиши нимадан далолат? Унинг гаплари Қозоғистон учун муаммолар туғдириши мумкинми? «Медуза» билан суҳбатда қозоғистонлик шарқшунос Темур Умаров шу саволларга жавоб берди.

«Тўқаевнинг сўзлари эмас, у гапирган майдон мени ажаблантирди»
Умаровнинг айтишича, Қозоғистон президентининг сўзларидан ажабланмаган, аммо у бу гапларни Путиннинг олдида гапирганидан ҳайрон қолган: «Тўқаев гапирган гапнинг ўзини оладиган бўлсак, у мени ажаблантиргани йўқ, чунки Қозоғистоннинг бу борадаги позицияси аввалдан маълум эди. Яъни, очиқ айтилмаган бўлса-да, Қозоғистон Украинага қарши урушда Россияни қўлламаслиги маълум бўлганди. Лекин бу гап айтиш учун танланган майдон чиндан мени ажаблантирди: Путиннинг она юртида, унинг кўз олдида...».

Шарқшуноснинг сўзларига кўра, Тўқаев Петербург форумига прагматик ишчи ҳамкор сифатида борган ва фақат иқтисодиёт ҳақида гапирган, лекин сиёсий ҳолат бўйича савол беришларига ҳам тайёр бўлган: «Тўқаев форумда янги имкониятлар, ҳамкорлик ҳақида гапириш асносида муаммоларга ҳам тўхталди. Ваҳоланки, муаммолар ҳақида форумда деярли ҳеч ким гапирмаганди. Тўқаев муаммолар борлиги, уларни ҳал қилиш зарурлигини айтди. «ДХР» ва «ЛХР» ҳақида эса Тўқаев Маргарита Симоняннинг саволига жавоб бериш асносида гапирди. Аммо у Петербургдаги форумга борар экан, бу борада сўрашларини билган, чунки Симонян Қозоғистон манзилига нималар деганидан, унинг эри (Тигран Кеосоян) яқинда Қозоғистон Украина тақдирини такрорлаши мумкинлиги ҳақида гапириб, амалда таҳдид қилганидан хабардор бўлган», деди Умаров.

Петербург форумида Тўқаев унга савол берган Маргарита Симонянга қарата яна бир мулоҳазани билдирди. У баъзи россиялик депутатлар, журналистлар ва маданият арбоблари Қозоғистон ҳақида ноўрин сўзлар айтаётганини таъкидлади. «Балки ўрни эмасдир, аммо бу минбардан фойдаланиб баъзи россиялик депутатларнинг Қозоғистон манзилига айтаётган гаплари, россиялик журналист ва маданият арбобларининг нотўғри сўзларига эътироз билдирмоқчиман. Биз Россия билан ҳар қандай муаммони ўзаро ҳал қила оламиз», деган Тўқаев.

Қозоғистон президентининг бу сўзларига муносабат билдирган Путин чиндан Россия ва Қозоғистон ҳар қандай масалани ўзаро ҳал қила оладиган даражада яқин иттифоқчи эканини тасдиқлади.

«Тўқаев Симоняннинг ўзига гапириш орқали ушбу масалага нуқта қўйди дейиш ҳам мумкин», деди эксперт.

«Медуза» мухбири Темур Умаровдан Қозоғистон шимолидаги ҳолат чиндан хавотирлими ёки йўқми деб сўраган. Эксперт бу саволнинг жавоби 24 февралгача бошқача бўлгани, ҳозир бошқача эканини айтган.

«Бу саволингизга 24 февралгача йўқ, бунга ҳеч ким жиддий қарамаяпти, Россия бунчаликка бормайди, деб жавоб берардим. Аммо 24 феврал воқеаларидан кейин бу борада аниқ жавоб бера олмайман. Охирги вақтларда Россия кўплаб халқаро ҳужжатлардан чиқиб кетяпти. Украина масаласида ҳам бу кўринди. Буни эса шимоли Россия билан чегарадош бўлган ва у ерда рус миллатига мансуб кўплаб фуқаролари яшаётган Қозоғистон ҳам кўриб турибди.

Бу воқеалар фонида эса Россияда ўн йиллардан буён собиқ иттифоқ давлатларига «ерлар совға қилиб юборилгани» ҳақида гапирадиган миллатчи кайфиятдаги гуруҳлар пайдо бўлган. Аввал Россияга ортиқча ҳудуд, ортиқча муаммо нима керак, деган тушунча бор эди, ҳозир эса бундан аргументлар ишончли кўринмайди
», деган шарқшунос.

Экспертнинг фикрича, Қозоғистон фақат кўп қиррали сиёсат олиб бораётгани, Ғарб билан яқин муносабатда экани учунгина Тўқаев бундай гапларни айтган деб бўлмайди. «Қозоғистон ҳар қанақасига Беларусдан кейин Россиянинг асосий иттифоқчиси ҳисобланади. Айтайлик, Россия ташкил этган ҳар қандай бирлашмага қарасангиз, Қозоғистонни кўрасиз. Масалан, Евросиё иқтисодий иттифоқи. Ўзи бу ташкилот Назарбоевнинг ташаббуси билан тузилганди.

Қозоғистонда рус тилини эмас, қозоқ тилини ривожлантириш ташаббуси билан чиққан миллатчи кайфиятдаги чиқишлар ҳам бўлган, аммо умумий олганда Қозоғистонда антироссия кайфияти йўқ, бўлмаган ҳам. Қозоғистон, айтайлик, НАТОга киришга ҳаракат қилмаган ёки Россияда айтишни ёқтиришганидек Россияга қарши позицияда турмаган. Чунки Қозоғистон жуда катта умумий чегарага эга бўлгани сабаб Россия билан иттифоқчи бўлиб қолишдан бошқа йўли йўқ деб ўйлайман.

24 феврал куни Қозоғистон шимолидаги вазият таранглашган бўлиши мумкин, аммо тезда қарор қабул қилиш талаб қилинадиган даражада ваҳимали ҳолат бўлган деб ўйламайман
».

Дунёда 24 феврал кўп нарсани ўзгартириб юборгани ҳақида гапириш одатга айланди, лекин унутмаслик керакки, Қозоғистонда январ ҳам тинч ўтгани йўқ. Жанаўзенда бошланган намойишлар бутун мамлакат бўйлаб тарқалиб, оммавий тартибсизликка айланиб кетганди. Оқибатда Назарбоев амалда мамлакатга ҳеч қандай таъсир ўтказа олмайдиган ҳолатга тушиб, барча расмий лавозимларидан озод этилди. Вазият бошқариб бўлмас даражага яқинлашгач, Тўқаев Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти давлатларидан ёрдам сўради. Россия бошчилигидаги КХШТ кучлари эса тезда Қозоғистонга етиб борди. Бу ташкилот ҳарбийларининг илк марта амалий ҳаракатга киришиши эди. Улар қурол ишлатмади, фақат стратегик объектларни қўриқлади, аммо кўпчиликда Қозоғистондаги тўполонни Россия бошчилик кучлар тинчитди, деган янглиш фикр пайдо бўлди.

Темур Умаров январ воқеалари сабаб Тўқаев ортиқ мустақил эмас, деган фикрга қўшилмаслигини айтди: «Ҳа, январ воқеаларидан кейин Тўқаев ўз тузумини Путин ёрдамида мустаҳкамлаб олди, энди у Россиядан қарз бўлди ва Москва қачондир қарзини сўрайди, деган хулоса шаклланди. Аммо бу хулосада бир нарсага эътибор беришмаган. Яъни, Россия Қозоғистон билан жуда катта тўғридан тўғри чегарага эга. Бу чегара тузук қўриқланмайди ҳам. Энди тасаввур қилинг, қўшни давлатда тўполонлар бўлиб, ҳукумат тепасига кўчадан чиққан одамлар келиб қолиш хавфи юзага келди. Бундай ҳолатда Россия аввало ўз хавфсизлиги учун ҳаракатга тушди, чунки қўшни давлат ҳудудида тахмин қилиб бўлмайдиган воқеалар содир бўлишидан кўра, бориб унга ёрдам берган ва яхши дўст сифатида қолиш яхшироқ.

Яна бир жиҳат: январ воқеаларидан кейин кўча тилида айтадиган бўлсак, ҳа, Путин Тўқаевга ҳукуматни сақлаб қолишга ёрдам берди, аммо дипломатик тил билан айтганда, Россия ўша воқеалардан кейин ҳеч қандай қўшимча ричагларга эга бўлмади. Бошқача айтганда, 2022 йил январ ойидан кейин Россия ва Қозоғистон муносабатларида аввал бўлмаган бирор янгилик юзага келмади.

Шу ўринда иқтисодий жиҳатларни ҳам унутмаслик керак, Қозоғистон жаҳон иқтисодиётининг бир қисми ва у билан биргаликда ривожланади. Россия фойдасига қабул қилинган ҳар қандай қарор эса санкцияга сабаб бўлиши мумкин. Бу коронавирус, январ воқеаларидан кейин шундоғам қийин кунларни бошдан кечираётган Қозоғистон иқтисодиётига янада салбий таъсир қилиши мумкин
», деган Темур Умаров.

Қозоғистонлик экспертнинг айтишича, Ғарб Қозоғистондан Россия билан ҳамкорликни камайтириш талабини қўймайди, Қозоғистон ҳар қанақасига Россияга боғлиқ давлатлигини тушунади: «Менимча, Ғарб бундай ультиматум қўйишгача бормайди. Қозоғистон Россияга боғлиқ бўлган давлат. Бу шунчаки айтиладиган одатий гап эмас. Оддий мисол, логистика масаласида Қозоғистон Россияга боғлиқ, қозоқ нефти Россия орқали сотилади. Нефт ўтказувчи қувурлар собиқ иттифоқ даврида қурилган, улар ҳам Россия ҳудудидан ўтади, Қозоғистон Россия орқали импорт молларини олиб келади.

Қозоғистон Россия билан алоқаларни узиб, ўз иқтисодиётини бўғиб қўя олмайди. Айнан мана шу омиллар сабаб Қозоғистон расмий вакилларининг Ғарбда ноқулай аҳволга тушиб қолишлари ҳам бор гап. Ғарбда эса Қозоғистон қандай ҳолатда экани, Россия ва Хитой ўртасида қолганини тушуниб туришибди. Қозоғистон ҳозирча Россия санкциялардан қочиши учун қандайдир тизим ишлаб чиқса, мана бу ғарбликларнинг эътиборини тортиши мумкин. Шундай бўлсагина Қозоғистонга бундай қилмаслик бўйича огоҳлантириш келиши мумкин
».

Экспертнинг айтишича, ҳар қанча ёқимсиз бўлмасин, унинг позициясига зид фикрлар билдирмасин, Россия учун Қозоғистоннинг ҳозирги кўп векторли сиёсатда бўлиши, мустақил бўлиши ва ўз навбатида иттифоқчи бўлишда давом этиши муҳим. Чунки ҳозир Қозоғистонга босим ўтказиб, Ғарбнинг мамлакатдан чиқиб кетишини талаб қилса, бутун бошли Қозоғистоннинг иқтисодий ҳолати учун жавобгарга айланади. Буни эса Россия ўз иқтисодини эплашга қийналаётган ҳозирги вақтда тасаввур қилиш қийин. Иккинчидан, Россия бундай қилиш орқали Қозоғистон Хитой томонга силжишига ҳам сабаб бўлади.

«Медуза» журналисти экспертга шундай мураккаб савол билан мурожаат қилган: «Тўқаевнинг чиқиши, Невский орденини қабул қилмагани, кейинроқ эса Украинадаги воқеалар фонида дунёда ядро қуролидан воз кечиш кераклиги ҳақидаги баёнот... Буларнинг ҳаммасидан кейин бир нарсани ўйламай илож йўқ: бундай қатъиятли Қозоғистон шаклланишини Россиянинг ўзи хоҳламаяптимикин? Яъни керак бўлган вақтда шу Қозоғистон орқали дунё билан муносабатларни яхшилашни ўйламаяптимикин?».

Умаров эса бундай фикрга қўшилмаслигини айтган. «Мен ҳар қандай турдаги фаразларни ёқтирмайман. Негадир Марказий Осиё давлатларида нимадир содир бўлса, албатта уни Кремл томонидан чизиб берилган деб ўйлашади, менга эса бу ёқмайди. Қозоғистон ва Россия балки ҳозирги ҳолатдан келиб чиққан ҳолда тил топишиб кетгандир, лекин сиз санаган воқеалар аввалдан тайёрлаб қўйилиб, кейинчалик бизнинг кўзимизга чиройли қилиб кўрсатилганга ўхшамайди», деб сўзини якунлаган эксперт.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Тўқаев Путиннинг олдида Россия позициясига зид гапирди. Бу қатъиятми ёки режалаштирилган чиқиш?