22:12 / 24.06.2022
2 870

Зеленский Херсон қўлдан кетгани туфайли Украина хавфсизлик хизмати раҳбарини ишдан олмоқчи

Зеленский Херсон қўлдан кетгани туфайли Украина хавфсизлик хизмати раҳбарини ишдан олмоқчи
Фото: Facebook / Украина хавфсизлик хизмати
Украина президенти Володимир Зеленский Украина хавфсизлик хизмати (СБУ) раҳбари Иван Бакановни алмаштиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Зеленскийга яқин бўлган тўрт нафар украин амалдорларига, шунингдек УХХ ислоҳоти масаласида Киевга маслаҳатчилик қилувчи ғарблик дипломатга асосланган ҳолда Politico хабар бермоқда.

Нашр манбалари маълумотига кўра, Баканов уруш давридаги қатор муваффақиятсизликлар ва Херсон бой берилиши туфайли Украина президентининг ишончини йўқотган. «Биз унинг фаолиятидан жуда норозимиз ва ундан қутулишни истаяпмиз», — деган Politico мухбирига Зеленскийга яқин бўлган юқори мартабали украиналик амалдор.

Нашр суҳбатдошлари таъкидлашича, гап нафақат Баканов, балки УХХнинг бошқа юқори мартабали ходимларининг урушнинг илк соатлари ва илк кунларидаги қарорлари ҳақида ҳам кетмоқда, бундай қарорлар туфайли Украина стратегик муҳим бўлган Херсонни йўқотган. Жумладан, УХХнинг Херсон бўйича бошқармаси раҳбари Сергей Криворучко россиялик ҳарбийлар штурм қилишни бошлаши билан шаҳардан эвакуация бўлишга буйруқ берган, унинг ёрдамчиси Игор Садохин эса россияликларга миналаштирилган ҳудудлар харитасини топширган. УХХнинг икки ходими ҳам давлатга хиёнатда айбланиб, қўлга олинган.

Бундан ташқари, украин амалдорининг сўзларига кўра, Россия қўшини 3 март куни УХХ ходимлари Антоновский шаҳрида Днепр орқали ўтган кўприкни портлатишмагани учун ҳам Херсонни осонлик билан эгаллаган бўлиши мумкин.

Украина президенти офиси, Иван Бакановнинг ўзи ва Украина хавфсизлик хизмати ҳозирча бу маълумотни изоҳлашмади.

Иван Баканов — Володимир Зеленскийнинг болаликдаги дўсти. Баканов 2019 йил августида, Зеленский президентликка сайланганидан уч ой ўтиб Украина хавфсизлик хизмати раҳбарига айланганди. Politico нашри ёзишича, сўнгги вақтларда эски дўстлар жуда кам ўзаро мулоқот қилишади — фақат ҳукумат ишлари бўйича.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Зеленский Херсон қўлдан кетгани туфайли Украина хавфсизлик хизмати раҳбарини ишдан олмоқчи