1 672
Россия ҳарбийлари Северодонецкни эгаллади, украин ҳарбийлари Лисичанскдан ҳам чиқиши мумкин
Украин ҳарбийларига шу кунларда шаҳардан чекиниш буюрилганди. Фото: EPA
Северодонецк ҳарбий маъмурияти раҳбари Александр Стрюк шаҳар россиялик ҳарбийлар назоратига ўтганини маълум қилди. Украина қўшини шаҳарни тарк этган. Северодонецк бой берилгани ҳақидаги маълумотни Луганск области маъмурияти раҳбари Сергей Гайдай ҳам тасдиқлади.
Стрюк украин телевидениесига берган изоҳида Россия кучлари ишғол этилган шаҳарнинг янги маъмуриятини тайинлаётганини айтиб ўтган.
«Шаҳар энди тўлиқ Россия Федерацияси оккупацияси остида, улар у ерда ўз тартибини ўрнатишга ҳаракат қилмоқда, менга маълум бўлишича, қандайдир комендантни тайинлашган. Уларнинг наздида буни қилиш муҳим, бошқа томондан шаҳар шунчалик яксон қилинганки, одамлар вазиятни ўнглаши жуда қийин», деган Стрюк.
«Ҳозирда Северодонецкдан фақат вақтинча ишғол қилинган ҳудуд орқали чиқиш мумкин. Рашистлар шаҳарда ўз тартибини ўрнатмоқда, «комендант» тайинланган, «Азот» заводидаги бошпаналардан чиқаётган одамлар иштирокида пропаганда сюжетлари тайёрлашмоқда», дея ўз телеграм каналида ёзади Гайдай. Луганск области ҳарбий маъмурияти раҳбари айтишича, россияликлар Северодонецк марказида ва атрофдаги ҳудудларда - Сиротино, Вороново ва Боровскоеда мустаҳкам ўрнашишган.
Сўнгги ҳафталар давомида Северодонецкдаги биноларнинг аксар қисми авиазарбалар ва артиллерия зарбалари натижасида вайрон қилинган. Урушга қадар юз минг киши яшаган шаҳар аҳолисининг аксар қисми бу ерни тарк этган, сўнгги кунларда шаҳарда 7-8 минг киши қолаётганди. Тўрт ойлик ҳарбий ҳаракатлардан кейин Северодонецкдаги биноларнинг 90 фоизи вайрон қилинган ёки шикастланган.
Россия томони баёнотига кўра, «Азот» заводи остидаги бункерларда яширинган 800 нафар атрофидаги тинч аҳоли вакили эвакуация қилинган.
Северодонецкнинг бой берилиши шуни англатадики, эндиликда Россия қарийб бутун Луганск области ва Донецк областининг катта қисмини назоратига олган.
Шу кунларда россиялик ҳарбийлар Северодонецкка қўшни бўлган Лисичанск шаҳри жанубдан қамал қилинганини хабар қилганди. Кейинроқ Горское муниципалитети раҳбари Алексей Бабченко жума куни Лисичанск жанубидаги ҳудудлар Россия томонидан «тўлиқ оккупация қилингани»ни айтди.
«Афсуски, бугун Горское райони оккупация қилинди. Шаҳар четларида локал жанглар бўлиб ўтмоқда, аммо душман шаҳарга кирган», деганди Алексей Бабченко.
Сергей Гайдай эса россияликлар Лисичанскдан жануби-ғарбда, Бахмут-Лисичанск трассаси бўйида жойлашган Николаевка посёлкасини эгаллаганини хабар қилган.
Жума куни Гайдай украин ҳарбийлари Северодонецкдан олиб чиқилиши, чунки яксон этилган позицияларда қолишдан маъно йўқлиги, бу ҳолатда аскарларга ёрдам етказиб бериш имконсизлиги ва қурбонлар сони ортишини айтганди.
Кейинроқ украин телеканалига берган интервьюсида Гайдай Лисичанскдан ҳам чекиниш истисно этилмаслигини айтди. «Қуршовга тушиб қолмаслик учун бизнинг қўмондонлик қўшинларга янги позицияларга ўтишга буйруқ бериши мумкин. Бутун Лисичанск ҳудуди зарба остида турибди. Шаҳарда бўлиш жуда хавфли», дея унинг сўзларини келтирган Reuters.
New York Times Лисичанскдаги украин ҳарбийларидан бирига таянган ҳолда шаҳардан чекиниш тўғрисидаги буйруқ исталган лаҳзада келиб қолиши мумкинлигини айтганди.
Жума куни Пентагондаги аноним манба «Америка овози»га Северодонецкдан кетиш украин ҳарбийлари позициясини яхшилашини айтганди.
Украинлар зирҳли транспортёри (БТР) йўл бўйлаб ҳаракатланмоқда, Лисичанск нефтни қайта ишлаш заводи устида тутун кўтарилган. Северск ва Бахмут ўртасидаги йўлда AFP журналисти бир неча отишмалар гувоҳи бўлган - икки бор россиялик ҳарбийлар йўлни ўққа тутаётганида журналистлар машинадан сакраб, ерга ётишга мажбур бўлишган. Фото: ANATOLII STEPANOV/AFP
Вашингтондаги Урушларни тадқиқ қилиш институти экспертлари фикрича, россиялик ҳарбийлар Северодонецкни эгаллаши урушдаги ҳал қилувчи палла бўлмайди, аммо шаҳар мудофааси катта аҳамиятга эга бўлди: Украина қуролли кучлари жангларда асосий вазифани бажаришди - душманнинг ресурслари сарфланди.
«Северодонецк учун жанг, катта эҳтимол билан Россия қўшинининг умумий имкониятларини кучсизлантирди, улар эътиборни бошқа йўналишларга қарата олишмади. Масалан, шу туфайли тўғридан тўғри Славянскка ҳужум қилиш учун куч етишмади», - дея қайд этади экспертлар. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи