23:11 / 26.06.2022
2 119

NYT Украинада АҚШнинг «жосуслар тармоғи» ишлаётгани ҳақида хабар қилди

NYT Украинада АҚШнинг «жосуслар тармоғи» ишлаётгани ҳақида хабар қилди
Фото: Global Look Press
Украинага АҚШ ва бошқа НАТО давлатларининг «коммандалар (махсус кучлар) ва жосуслар тармоғи» ёрдам бермоқда, улар ҳам Украинада, ҳам хорижда туриб ишлайди, деб ёзади The New York Times Америка ва Европа расмийларига таяниб.

Газета маълумотларига кўра, мамлакат ҳудудида, асосан, Киевда разведка маълумотларини йиғувчи Марказий разведка бошқармаси ходимлари яширин фаолият юритади. Кейин Вашингтон уларни Украина расмийлари билан баҳам кўради.

Шунингдек, Украинада НАТОнинг бошқа мамлакатлари, жумладан Буюк Британия, Франция, Канада ва Литва махсус кучлари бор, деб ёзади NYT. Қўшма Штатлар февраль ойида уруш бошланишидан олдин ўзининг 150 нафар ҳарбий инструкторини олиб чиқиб кетган. «Аммо бу иттифоқчиларнинг коммандалари ё қолди ёки ўшандан бери мамлакатга кириб-чиқиб юрибди. Улар Украина қўшинларини ўқитиб, уларга йўл-йўриқ кўрсатади, қурол-яроғ етказиб бериш ва бошқа ёрдамлар учун қуруқлик каналини тақдим этади», — деб ёзган нашр, уч нафар америкалик расмийга таяниб.

Командалар олдинги сафда эмас, лекин украиналик ҳарбийларга штаб-квартирасидан туриб масофадан, жумладан разведка маълумотларини узатиш орқали маслаҳат бериб туради. Аммо ишнинг аксарият қисми Украинадан ташқарида, жумладан, Германия, Франция ва Буюк Британиядаги ҳарбий базаларда амалга оширилади, дея қайд этган нашр

Россиянинг Украинадаги босқини бошланганидан сўнг, АҚШ армиясининг 10-махсус операциялар гуруҳи Украина ҳарбийларига ёрдам кўрсатишни мувофиқлаштириш мақсадида коалиция тузди. Ҳозир у 20 та давлатни ўз ичига олади, коалиция Германия ҳудудида ишлайди.

Май ойида АҚШ армияси котиби Кристин Вормут коалиция Украинага қурол-яроғ ва техника етказиб беришни таъминлашда иштирок этгани ҳақида хабар берган эди. «Биз бера оладиган яна бир ёрдам — бу конвойларга таҳдидлар қаердан келиши мумкинлиги ҳақидаги разведка маълумотларидир», — деган Вормут.

NYT АҚШ Марказий разведка бошқармаси станциясининг Украинадаги ҳаракатлари ҳақида февраль ойида, уруш бошланишидан олдин ёзган. Газета, хусусан, АҚШ расмийлари «Украина яқинида Россия ҳарбий қудрати ошгани» сабабли разведка ходимларини вақтинча Киевдан Львовга кўчиргани ҳақида хабар берганди.

Май ойи бошида нашр АҚШ Россия ҳарбийларига зарба беришда фойдаланилган разведка маълумотларини Украинага узатгани ҳақида ёзган. Шундан сўнг президент Жо Байден АҚШ ва Украина разведка хизматлари ўртасида маълумотлар алмашинуви ҳақидаги маълумотларнинг сизиб чиқишини тўхтатишни талаб қилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » NYT Украинада АҚШнинг «жосуслар тармоғи» ишлаётгани ҳақида хабар қилди