15:58 / 27.06.2022
2 204

«НАТОни тарқатиб юборинг»: Мадридда альянс саммитига қарши намойишлар ўтказилмоқда

«НАТОни тарқатиб юборинг»: Мадридда альянс саммитига қарши намойишлар ўтказилмоқда
Фото: Picture Alliance
Мадридда «НАТОни тарқатиб юбориш» ва АҚШнинг Испаниядаги ҳарбий базаларини ёпиш талаби билан ўтказилган намойишда бир неча минг киши қатнашди. Митинг 26 июнь, якшанба куни, НАТО саммити олдидан ўтказилди.

Намойиш иштирокчилари шаҳар маркази бўйлаб ҳаракатланди – Аточа станциясидан Испания майдонигача. Транспарантлардан бирида «НАТОга – йўқ, урушларга – йўқ, тинчлик учун» деган ёзув бўлган. Йиғилганлар Испаниянинг ҳарбий харажатларни оширишига қарши чиқди. Шу билан бирга, Dpa агентлигига кўра, Россиянинг Украинадаги уруши билан боғлиқ деярли ҳеч қандай танқид бўлмаган.

Испаниянинг ABC газетаси хабарига кўра, митингга Испания Коммунистик партияси (PCE) бош котиби ва 2030 йилгача бўлган кун тартиби бўйича давлат котиби Энрике Сантягонинг келгани шов-шув келтириб чиқарган.

Шу билан бирга, ABC маълумотига кўра, сиёсатчининг митингда иштирок этиши кўп жиҳатдан рамзий маънога эга бўлди. У намойишга тадбир бошланганидан кейин қўшилди, фақат суратга тушиш учун PCE бошида турди ва митинг тугашидан анча олдин кетиб қолди.

Расмий маълумотларга кўра, намойишда 2200 га яқин одам қатнашди, ташкилотчилар эса 30 мингга яқин киши иштирок этганини айтмоқда.

Акцияда полициянинг катта контингенти навбатчилик қилди, бироқ тадбир тинч ўтди. Саммит кунларининг бирига яна бир намойиш режалаштирилган эди, аммо расмийлар хавфсизлик нуқтайи назаридан уни бекор қилишга қарор қилди.

НАТО саммитида альянс янгиланган Стратегик концепцияни ва Европада қўшимча кучларни жойлаштиришни эълон қилиши кутилмоқда, деганди аввалроқ АҚШ маъмуриятининг юқори мартабали вакили. Унинг сўзларига кўра, альянснинг янги стратегиясида Россия НАТО учун энг жиддий ва бевосита таҳдид сифатида кўрсатилади.

Саммит арафасида Болтиқбўйи давлатлари Латвия, Литва ва Эстонияни Россиянинг потенциал босқинидан ҳимоя қилиш стратегиясини янгилашга чақирди. Ҳозир иттифоқ ушбу мамлакатларнинг Россия томонидан босиб олиниши ва уларни 180 кун ичида озод қилиш сценарийсидан келиб чиқмоқда. Эстония бош вазири Кая Каллас аввалроқ Украинага бостириб кириш бундай стратегиянинг аҳамиятсизлигини кўрсатганини маълум қилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » «НАТОни тарқатиб юборинг»: Мадридда альянс саммитига қарши намойишлар ўтказилмоқда