15:07 / 21.01.2023
444

Британия бош вазири ижтимоий тармоққа жойлаган видеосидан кейин жаримага тортилди (видео)

Британия бош вазири ижтимоий тармоққа жойлаган видеосидан кейин жаримага тортилди (видео)
Фото: EPA
Буюк Британия бош вазири Риши Сунак автомобилда йўловчи ўриндиғида кетаётиб, хавфсизлик камарини тақмагани учун жаримага тортилди, деб хабар беради Sky News. Ланкашир графлиги полицияси матбуот хизматининг Twitter’ида айтилишича, жарима 42 ёшли эркак кишига ёзиб берилган.

«Ижтимоий тармоқларда Ланкаширда кетаётган автомобилда йўловчи ўриндиғида ўтириб, хавфсизлик камарини тақмаган одамнинг видеоси тарқалди, биз бугун (20 январь куни) лондонлик 42 ёшли эркакка жарима тўлаш ҳақида шартли таклиф юбордик», — дейилади хабарда.

Британия ҳукумати раҳбари канцеляриясида маълум қилишларича, бу хато мулоҳаза бўлган, бош вазир қисқа видео олиш учун хавфсизлик камарини ечган. «У бунинг хатолик бўлганини тўлиқ тан олади ва узр сўрайди», — дея қўшимча қилинади хабарда.

Гап Сунак Instagram’га жойлаган видео ҳақида бормоқда. Унда вазир Ланкаширни молиялаштириш ҳажми оширилиши ҳақида гапирган. Видеода у хавфсизлик камарини тақмасдан, йўловчи ўриндиғида ўтирганини кўриш мумкин. Бундай қоидабузарлик учун максимал жарима 500 фунт стерлинг (620 доллар)гача боради.

Риши Сунак Британияда жаримага тортилган ягона бош вазир эмас. Чунончи, ундан аввалги ҳукумат раҳбари Борис Жонсонга 2022 йил баҳорида пандемия туфайли жорий қилинган локдаун вақтида зиёфатлар уюштиргани учун жарима солинган эди. Суриштирув якунларига кўра, турли саналарда ташкил қилинган саккизта зиёфат учун 126 та жарима ёзиб берилган. Жами 83 киши жаримага тортилган, уларнинг 28 нафарига иккитадан бештагача жарима қўлланилган, Жонсоннинг ўзи нечта жарима олганига аниқлик киритилмаган. Жарималарнинг умумий суммаси ҳам ошкор қилинмаган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг