16:35 / 21.01.2023
318

Прокуратура Берлиндаги «Россия уйи»ни текширишни бошлади

Прокуратура Берлиндаги «Россия уйи»ни текширишни бошлади
Фото: Russisches Haus / Twitter
Россия фан ва маданият уйи Европа Иттифоқи санкцияларини бузганликда гумон қилинмоқда, деб маълум қилди Берлин прокуратураси вакили.

Берлин прокуратураси Германия пойтахтидаги Россия фан ва маданият уйи (Russisches Haus der Wissenschaft und Kultur) бўйича тергов бошлади. Ташкилот фаолияти ташқи иқтисодий фаолият тўғрисидаги қонунбузилиши эҳтимоли бўйича текширилади, деб хабар берди dpa агентлиги 20 январь, жума куни идора вакили Себастян Бюхнерга таяниб.

Гап Европа Иттифоқининг Украинага ҳарбий бостириб кириши сабабли Россияга қарши жорий этган санкциялари ҳақида бормоқда. Россия уйини бошқарадиган МДҲ, хорижда яшовчи ватандошлар ва халқаро гуманитар ҳамкорлик бўйича Россия федерал агентлиги (Россотрудничество) Европа Иттифоқининг санкциялар рўйхатига киритилган. Аввалроқ Германиянинг LTO юридик портали таъкидлаганидек, «Россия уйи» Россотрудничество ресурси сифатида Германияда, масалан, тадбирларга чипта сотиш ёки биноларни ижарага беришдан даромад олиш ҳуқуқига эга эмас.

Тергов бошланишига асос бўлган ариза Бундестагнинг «Союз-90/Яшиллар» партиясидан собиқ депутати Фолькер Бек томонидан тақдим этилган. Унинг сўзларига кўра, Украинада ҳар куни одамлар ўлаётган бир пайтда, Германияда Кремль ташвиқоти олиб борилаётганини тасаввур қилиб бўлмайди.

Россотрудничество раҳбари Павел Шевцовга таяниб, РИА «Новости»нинг маълум қилишича, идора «Россия уйи»да прокуратура текшируви ҳақида расмий билдиришномаларни олмаган.

Берлиндаги Фридрихштрассе кўчасида жойлашган «Россия уйи» 1980-йилларда совет илмий ва маданий маркази сифатида ташкил этилган. Бугунги кунда у ерда маданий тадбирлар, тил ўрганиш курслари ўтказилмоқда. Германиядаги украиналик фаоллар узоқ вақтдан бери Россиянинг Украинага қарши урушига қарамай, «Россия уйи» очиқлигидан норозилик билдириб келяпти.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг