10:19 / 20.08.2023
244

Россиялик ҳарбийлар Черниҳив шаҳри марказидаги драма театрига ракетадан зарба йўллади

Россиялик ҳарбийлар Черниҳив шаҳри марказидаги драма театрига ракетадан зарба йўллади
Vladyslav Savenok / Reuters / Scanpix / LETA
Россия қўшини Черниҳивни ўққа тутиши оқибатида етти киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар жароҳат олган. Ракета драма театр биносига келиб тушган, бу вақтда у ерда дронлар кўргазмаси бўлиб ўтаётганди. Анонс ижтимоий тармоқларда эълон қилинганди — россиялик ҳарбийлар тадбир ҳақида хабардор бўлиши осон эди.

Россиялик ҳарбийлар Черниҳив шаҳри марказидаги драма театрига зарба йўллади. Маҳаллий расмийларга кўра, зарба баллистик ракета билан йўлланган. Драма театр биносидан ташқари Черниҳив маъмурияти биноси, дўконлар, кафе шикастланган, қўшни бинолардан бирида ёнғин чиққан.

Ҳужум оқибатида етти киши ҳалок бўлган, жумладан олти ёшли бола ҳам. Украина ИИВ раҳбари Игор Клименко харобаларни тозалаш ишлари якунлагач берган маълумотга кўра, жароҳат олганлар сони 129 кишини ташкил этмоқда, шундан 15 нафари болалар ва 15 нафари полиция ходимлари. Аввалроқ Клименко 25 киши шифохонага ётқизилгани, улардан бири 12 ёшли қизча экани ҳақида ёзганди. Уни оғир ҳолатда реанимация автомобилида Киевга юборишган. Област маъмурияти раҳбари Вячеслав Чаусга кўра, жабрланганлар сони кўпроқ — 140 киши, 41 нафар жабрланувчини шифохонага ётқизиш зарурати бўлган.

Драма театр биносида «Люті пташки» («Ёвуз қушчалар») номи остида дронлар кўргазмаси ташкил этилганди, деб ёзади «Украинская правда». Маҳаллий аҳоли вакиллари рўй берган ҳодисада маросим ташкилотчиларини айблашган, чунки кўргазма анонси ижтимоий тармоқларда эълон қилинганди, бу туфайли эса россиялик ҳарбийлар ҳам маросим ҳақида билиши мумкин эди.

Кўргазма ташкилотчиси эса, маросимни ўтказиш жойи сир тутилганини айтмоқда. Мария Берлинскаянинг сўзларига кўра, жой ҳақидаги маълумот кўргазма бошланишидан бир неча соат олдин «рўйхатдан ўтган текширилган иштирокчилар»га юборилган. Шунингдек, у ҳаво тревогаси эълон қилинганида маросим тўхтатилгани, иштирокчилар эса бир неча бор бошпанага кетишга чақирилгани ҳақида таъкидлаган.

Шаҳар расмийлари кўргазма маъмурият билан келишилмагани ва рухсат олмасдан ўтказилганини маълум қилган. Ташкилотчилар эса шаҳар кенгаши нафақат бу маросим ўтказилишига розилик билдиргани, балки уни ўтказиш учун майдон ҳам тақдим этганини айтмоқда.

Черниҳивнинг амалдаги мэри россияликларнинг шаҳарга йўллаган зарбасини «террорчилик ҳужуми» ва «ҳарбий жиноят» деб атаган. Олександр Ломако BBC билан суҳбатда россиялик ҳарбийлар тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишини англаган ҳолда шаҳар бўйлаб зарба беришганини таъкидлаган: «Бу шаҳар маркази, туш маҳали, у ерда одамлар кўп эди. Қолаверса, диний байрам (Яблочный Спас), одамлар ибодат учун келишганди. Уларнинг нишони драма театрида ўтказилаётган ҳарбий тадбир бўлганини тушунаман, аммо бу ракеталарни учирган ва уларга кун ўртасида зарба беришга буйруқ берганлар тинч аҳоли орасида қурбонлар кўп бўлишини билгани аниқ».

«Террорчи давлат билан қўшни бўлиш мана қандай бўлади, мана биз бутун дунёни нимага қарши бирлаштирмоқдамиз», — дея ҳодисага муносабат билдирган президент Володимир Зеленский. «Россия оғриқ ва йўқотиш кунига айландирган одатий шанба куни. Қурбонлар бор, яраланганлар бор. Яқинларини йўқотганларга ҳамдардлигимни билдираман… барча хизматлар воқеа жойида ишламоқда: қутқарувчилар, полициячилар, тиббиёт ходимлари. Керак бўлганларнинг барчаси», — дея ёзган президент ўз телеграм-каналида.

РФ мудофаа вазирлиги Черниҳив бўйлаб зарбага ҳеч қандай муносабат билдирмаган. Аммо РИА Новости давлат агентлиги «вазиятдан хабардор манба»га ҳавола берган ҳолда россиялик ҳарбийларнинг Черниҳив бўйлаб йўллаган баллистик ракетаси «Украина қуролли кучларининг жанговар дронлар бўйича мутахассисларининг „Свирепые птички“ фестивали ниқоби остида уюштирилган йиғилиш жойига тўғри келгани» ҳақида хабар қилган.

Черниҳивда 19-21 август кунлари қурбонлар хотирасига мотам кунлари деб эълон қилинди.

Черниҳив 2022 йил 24 февралида бир неча йўналишларда, жумладан Беларус орқали Украинага бостириб кирган Россия армияси йўлида жойлашган шаҳарлардан бири бўлганди. Унинг мудофааси россиялик ҳарбийлар бу йўналишда Украина пойтахтига етиб бора олмаслигини таъминлаган омиллардан бири бўлганди. Киевдан 140 км масофадаги Черниҳив оккупация қилинмаган, аммо россияликларнинг бир неча ҳафта давом этган зарбаларидан жиддий жабр кўрган.

Россия ва Украина уруши

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Россиялик ҳарбийлар Черниҳив шаҳри марказидаги драма театрига ракетадан зарба йўллади