17:02 / 05.01.2024
132

Хитой ўзининг биринчи электросамолётини синовдан ўтказди

Хитой ўзининг биринчи электросамолётини синовдан ўтказди

Фото: China Media Group 

Икки ўриндиқли АG60 енгил самолётининг электр версияси бўлган АG60E электросамолёти Хитойда синов парвозини амалга оширди, деб маълум қилди ишлаб чиқарувчи Aviation Industry General Aircraft Corporation компанияси.

Синов парвози Ханчжоунинг Сзянда шаҳридаги Сяндаоҳу фуқаро авиацияси аэропортида амалга оширилди.

АG60E узунлиги 6,9 метр, қанотлари кенглиги 8,6 метр, максимал тезлиги эса — 185 км/соат. Компания илгари ишлаб чиқарилган самолётларни электрлаштириш мақсадида конвертация қилиш янги стратегик саноатни ривожлантиришга ёрдам берадиган самарали ечим эканини таъкидламоқда.

Электросамолётлар авиация тарихининг аксарият қисмида фантазиядан бошқа нарса бўлмаган, деб таъкидлайди The New York Times. Бироқ аккумуляторлар ва бошқа компонентлардаги технологик инновациялар миллиардлаб доллар сармоя билан биргаликда электр парвозини амалга оширишга имкон берди.

Электросамолётлар парвоз пайтида зарарли чиқиндилар чиқармайди, шунингдек, оддий вертолётлар ва самолётларга қараганда бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш осонроқ. Бироқ электросамолётлар ҳали оммалашмаслиги ва фақат қисқа масофаларга парвозларни амалга ошириши кутилмоқда.

AeroDynamic Advisory авиация консалтинг компанияси бошқарувчи директори Кевин Майклснинг айтишича, бугунги кунда электр авиацияси олдида турган муаммолар ХХ аср бошларида автомобилсозлик саноати олдида турган муаммоларга ўхшайди. У ўша пайтда дунёда ўзига хос ёндашувга эга бўлган бир неча юзлаб ишлаб чиқарувчи компаниялар бўлганини, аммо йўллар, светофорлар ва суғурта йўқлиги муаммосини тушунтирди. Шунга қарамай бу соҳа ривожланишга муваффақ бўлди.

“20 йилдан кейин ишлар яхшиланди, охир-оқибат харажатлар камайди. Бу эса одамларнинг яшаш тарзини ўзгартирди”, — деб қўшимча қилди у.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Хитой ўзининг биринчи электросамолётини синовдан ўтказди