Фото: Brian Cahn / ZUMA Press Wire / Scanpix / LETA
Рус пропагандаси унинг ҳар бир қадамини ёритиб бормоқда. «Осторожно, новости» Telegram-канали 29 январдан буён Россия давлат нашрлари Карлсон исмини икки минг мартадан кўп ишлатганини санаб чиқди. Охирги кунларда эса Россия давлат нашрларида унинг исми 14 баравар кўпроқ тилга олинган.
Рус пропагандаси Карлсон ҳақида қуйидагиларни ёзишга улгурди:
* Такер Карлсонни Москвадаги меҳмонхоналардан бирида кўришган;
* Россия журналистлари уюшмаси Такер Карлсон аъзолик бадалини тўлайдиган бўлса, уни ўз сафига қабул қилишга рози;
* Такер Карлсонни «Россия» кўргазмасида учратишган. У Камчатка ўлкаси стендларини томоша қилган. Кейин Приморе стендида леопард йўли бўйлаб юрган;
* Такер Карлсонни ТНТдаги Павел Волянинг шоу-дастурига таклиф қилишди;
* Такер Карлсон меҳмонхонани тарк этиб, президент маъмурияти томон йўлга чиқди;
* Такер Карлсон президент маъмуриятида бир соатдан кўпроқ бўлганидан кейин унинг машинаси бинони тарк этди;
* Такер Карлсоннинг машинаси яна президент маъмурияти томон йўл олди;
* Такер Карлсонни Қримга таклиф қилишди;
* Такер Карлсон ҳозирча ТНТдаги шоуда қатнашиш таклифига жавоб бермади.
Рус пропагандаси америкалик журналистнинг ташрифини бу қадар ҳижжалаб ёритгани русча сатирик нашрларда ҳазил ҳам қилинди. Ростов ҳақида хабарлар бериб бориладиган 161.ru нашри ўқувчилар ўртасида «Такер Карлсонни кутяпсизми?» деган сўровнома ўтказилди. Сўровномада қатнашганларнинг 30 фоизи Карлсонни «унга вегнерчиларнинг ерини кўрсатиш учун» кутаётганини белгилаган.
Пародия хабарлар эълон қилиб борувчи ИА «Панорама» нашри Карлсонга Биринчи каналда Иван Ургантнинг ўрнини эгаллаш таклиф қилинаётгани, «Кечки Ургант» шоусини «Кечки Карлсон»га ўзгартиришлари ҳақида ёзди.
Шунингдек, Россия давлат нашрлари АҚШ ва Европада гўёки Карлсон Путиндан интервю олиши мумкинлиги учун «қалтирашаётгани» ҳақида туркум хабарлар берилди.
Асосий мақсад – Путиндан интервю олиш
Карлсоннинг ташрифдан асосий мақсади Россия президенти Путиндан интервю олиш экани маълум эди. Bloomberg ўз манбаларига таяниб Кремлда бу масала муҳокама қилинганини ёзганди. 7 февралга бориб Кремл расмий вакили Дмитрий Песков Путин Карлсонга интервю берганини тасдиқлади.
2023 йил Россиянинг бош пропагандачиларидан бири Маргарита Симонян америкалик журналист Такер Карлсон Россия президенти «Путиндан интервю олишни жуда истаётгани» ҳақида гапирганди. Карлсоннинг ўзи эса Швейцариянинг Die Weltwoche нашрига берган интервюсида Путиндан интервю олишга интилгани, лекин бунга АҚШ ҳукуматидагилар йўл қўймаганини айтганди. Аммо бошловчи бу гапига ҳеч қандай исбот келтирмаган.
Россияга ташрифи ҳақида Карлсон анонс қилмади, ўз саҳифаларида бу ҳақда ёзмади ҳам. РЕН-ТВ телеканали Карлсоннинг Москвадаги меҳмонхоналардан бирида у билан гаплашган одам билан суҳбатини эълон қилди. Унда журналист нега Россияга келганини шундай изоҳлаган: «Россияни кўргим келди, чунки у ҳақда жуда кўп ўқиганман. Одамлар билан гаплашишни, бу ерда ҳаёт қандай эканини кўргим келди».
Бу Путиннинг уруш бошланганидан буён ғарблик журналистлар билан қилган илк интервюси бўлади. Forbes'нинг ёзишича, Карлсон ҳар қанча Россияни алқаб ёзиб юрган журналист бўлмасин, унинг Путин билан интервюси твиттерда қайта тикланган шоуси учун бурилиш нуқтаси бўлади.
«Путинни эмас, Американи яхши кўрганим учун шу ердаман»
Такер Карлсон 12 миллионга яқин обуначиси бўлган твиттер аккаунтида нега Путин билан интервю қилиши ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, АҚШда одамлар уруш ҳақида ҳамма нарсани билмайди. «Мен бу ерга Владимир Путинни эмас, АҚШни яхши кўрганим учун шу ердаман», деган бошловчи Москвадаги меҳмонхоналардан бирининг балконида ёзилган видеомурожаатида.
Журналистнинг айтишича, Путин билан интервю тез орада унинг шахсий сайтида ва твиттерда кўрсатилади. Карлсон ижтимоий тармоқ эгаси Илон Маскка интервюни блокламасликка ваъда бергани учун раҳмат айтган. Карлсонга кўра, Байден маъмурияти интервю олишига халақит беришга ҳаракат қилган. Лекин айнан қандай тарзда эканига ойдинлик киритмаган.
Ким ўзи бу Карлсон?
Америкалик телебошловчи Такер Карлсон анча вақтдан буён Россия президенти Владимир Путинни олқишлаб келади. Уни бу борадаги Ғарбдаги энг машҳур журналист ва ҳатто энг машҳур одам дейиш ҳам мумкин. Унинг қарашларини Украинага миллиардлаб доллар ёрдам берилишига қарши бўлган консерваторлар ҳам қўллайди.
Карлсон Украина президенти Володимир Зеленскийни ёқтирмаслигини ҳам яширмайди. Унинг фикрича, Зеленский диктатор. Карлсон Украина етакчисидан интервю олиш бўйича ҳам сўроқ юборганини айтган. У Зеленский АҚШни Шарқий Европадаги урушга етаклаётганини иддао қилган.
Карлсон АҚШ журналистикасини «Путин билан интервю қилишга интилмаслиги» учун коррупцияда айблаган. CNN телеканалидаги халқаро хабарлар бошловчиси Кристиана Аманпур эса Карлсоннинг гапларини абсурд деб атаган. Унинг сўзларига кўра, таҳририят бир неча йилдан буён Владимир Путиндан интервю сўраб келади. BBC ҳам охирги 18 ой ичида Кремлга Путиндан интервю олиш бўйича бир нечта сўров юбориб, ҳар сафар рад жавобини олганини маълум қилган.
Кутилмаган ҳайдалиш
Такер Карлсоннинг телеюлдузлик даври 2016-2023 йилларга тўғри келади. Бу вақт давомида Fox телеканалидаги сиёсий шоуларни олиб борган бошловчининг кўрсатувларини бир вақтнинг ўзида 5 миллионгача одам томоша қилган. Республикачиларни қўлловчи ушбу телеканалдаги республикачи Карлсоннинг машҳурлиги кутилмаган ҳолат билан якунланади. 2023 йил 24 апрел куни уни ишдан ҳайдашади. Буни кутмаган бошловчи ўша куни кечасидаёқ эфирга чиқишини айтади.
Журналист нега ишдан бўшатилгани ҳақида расман маълумот берилмаган, лекин катта эҳтимол унинг истеъфоси 2021 йил 6 январдаги Капитолий босқини ҳақидаги репортажи билан боғлиқ. Ўшанда Трампнинг сайлов натижалари сохталаштиргани ҳақида иддаоси эфирга берилган. Хусусан, Трамп сайлов натижалари овозларни ҳисобловчи машиналар ёрдамида сохталаштирилганини айтганди. Оқибатда машиналарни ишлаб чиқарадиган Dominion Voting Systems компанияси Fox телеканалини судга беради. Телекомпания эса 787,5 миллион доллар миқдорида компенсация тўлашга рози бўлади. Бу ишдан бир ҳафта ўтиб Карлсон ишдан бўшатилади.
Fox'дан кетгач Карлсоннинг машҳурлиги ошиб кетади. Илон Маск сотиб олганидан кейин X'га айлантирган Twitter журналистнинг кўрсатувларини трансляция қилишни бошлаб юборади. Натижада Карлсоннинг кўрсатувларини миллионлаб одамлар томоша қилади.
Россия медиасида Карлсонни ҳақиқатни айтадиган журналист деб аташади. У АҚШда ўзга сайёраликларнинг космик кемаси бор деб ҳисоблайди. Шунингдек, Россия позициясини такрорлаб Украинада америкаликларнинг биологик қурол лабораторияси бор деб ҳисоблайди. Журналист сўнгги вақтларда машҳур одамлардан Венгрия бош вазири Виктор Орбан ва Аргентинанинг янги президенти Хавиер Милей билан ҳам интервю уюштирганди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Канадаликлар АҚШ таркибида бўлишни хоҳлайдими? – “Трамп безори, Маск эса тентак”
Покистоннинг Афғонистонга зарбалари: “Теҳрике Толибон” қандай ҳаракат?
АҚШ ҳужум қилган тақдирда Дания Гренландияни ҳимоя қила олмайди
Зеленский Германиядаги иттифоқчилар учрашуви натижалари ҳақида нималар деди?
Суриядаги кутилмаган инқилобдан сўнг ўтган бир ойда нималар ўзгарди?
Лос-Анжелесдаги ёнғинлар: 10 киши ҳалок бўлди, 9 мингдан ортиқ иншоот зарар кўрди
Канада АҚШ билан эҳтимолий савдо урушига тайёргарликни бошлади
Лос-Анжелесдаги ёнғиннинг космосдан кўриниши