Техас АҚШнинг Мексика билан чегарасида йирик ҳарбий база қуради. Бу ҳақда штат губернатори Грег Эббот чегара деворлари олдида ўтказилган матбуот анжуманида эълон қилди. Штат раҳбари чегара оператив базаси деб атаган ҳарбий бино 33 гектарга яқин майдонда барпо этилади.
Грег Эббот чегара яқинида ўтказилган матбуот анжуманида \ Фото: Office of the Texas Governor
Эбботга кўра, Техас Миллий гвардияси учун қурилаётган ушбу бино Жо Байден сабаб юзага келган чегара инқирозига қарши курашиш учун хизмат қилади. «Игл-Пассдаги 80 акр майдонда барпо этиладиган оператив база Байден маъмурияти вақтида юзага келган ва кучайиб бораётган ноқонуний миграцияга қарши кураш доирасида чегара хавфсизлигини оширишга ёрдам беради», дейилади Техас губернатори маъмурияти баёнотида.
Матбуот анжуманида янги қурилажак ҳарбий базага Техас Миллий гвардиясининг 1800 нафар ҳарбийси жойлаштирилиши, эҳтиёж туғилганда эса қўшимча 500 ҳарбийни жойлаштириш имкони ҳам борлиги айтилди. Эббот бундай йирик база қурилишига сабаблар ҳақида гапирар экан, ҳарбийлар чегарадаги операциялар учун узоқ масофани босиб ўтишга мажбур бўлаётганини айтди.
Янги ҳарбий база 33 гектар ҳудудни эгаллайди \ Фото: Texas military department
Шунингдек, янги базада Миллий гвардия зобитлари янада яхшироқ ҳаёт тарзида яшаши мумкин бўлишини қўшимча қилди. У ерда бирданига 700 киши овқатланиши мумкин бўлган ошхона, кир ювиш хонаси, дам олиш маскани, Wi-Fi, тиббий ва психологик хона бўлади.
«Президент Байден яратган чегара инқирозига қарши Техас Миллий гвардиясининг мард эркак ва аёлларисиз кураша олмаган бўлардик», деди матбуот анжуманида чиқиш қилган Грег Эббот.
Ҳозирда 3 минг нафар Техас ҳарбийлари ноқонуний миграцияга қарши кураш учун Мексика билан чегара яқинига жойлаштирилган.
Чегара можароси: Техас АҚШга қарши
Жо Байден АҚШ президентлигига келгач, чегара назорати сезиларли даражада юмшатилди. Оқибатда мамлакатга дунёнинг тўрт томонидан ноқонуний мигрантлар оқиб кела бошлади. Ҳар куни минглаб ноқонуний мигрантлар АҚШ чегараларини бузиб мамлакатга кира бошлади. Айниқса, Мексика билан чегарадаги Техас штатида жиддий муаммолар кузатилди.
Игл-Пассдаги Рио-Гранде дарёси орқали АҚШ чегарасини босиб ўтишга интилаётган ноқонуний мигрантлар \ Фото: AP
Штат раҳбарияти ва хусусан республикачи губернатор Грег Эббот мамлакат президенти демократ Жо Байденнинг миграция сиёсатидан кескин норози бўлди.
2015 йилдан буён Техас губернатори бўлиб келаётган Эббот 2021 йил Техас ҳарбийлари ва Миллий гвардия зобитларини ноқонуний миграцияга қарши курашиш доирасидагиги операцияга йўналтирди. Бу операция АҚШ ҳукумати билан келишмай амалга оширилганди. Оқибатда АҚШ федерал раҳбарияти ва Техас штати ўртасида муносабат таранглашди.
АҚШ президенти Жо Байден ва Техас губернатори Грег Эббот \ Фото: El Paso Times
Кейинчалик икки давлат чегарасидаги Рио-Гранде дарёсидан Эббот буйруғи билан симтўр тортилди. Оқибатда чегарани ноқонуний кесиб ўтаётган мигрантлар орасида ўлим ҳолатлари кузатилган. Хусусан, ҳомиладор аёл айнан шу симтўрларга ўралашиб ўлгани ҳақида хабарлар чиққанди. Суд қарори билан бу симтўрларни олиб ташлаш буюрилди.
Рио-Гранде дарёсидаги сузиб юрувчи тўсиқлар \ Фото: MSN
Аммо Техасда штат қонунлари ишлашини айтган Эббот федерал раҳбарият буйруқларини бажаришдан бош тортди. У АҚШ федерал кучлари Техас ҳарбийлари билан тўқнашиши мумкинлигидан огоҳлантирди.
Ушбу можарода аста-секин бошқа штатлар ҳам Техасни қўллай бошлади. Хусусан, 26 штат прокурорлари Байден маъмурияти билан тортишувда Техасни қўллади.
Давлатлардан бойроқ штат
Кўпчилик Техас штати АҚШ федерал раҳбарияти билан бу қадар қатъият билан тортишиши сабаби билан қизиқиши табиий. АҚШ таркибида бўлган штат мустақил тарзда бу қадар йирик иқтисодий ва ҳарбий лойиҳаларга бемалол қўл уриши ҳам бежизга эмас. Ўтган йил якунларига кўра Техаснинг ЯИМ ҳажми 1,5 триллион долларни ташкил этган. Бу борада штат дунёдаги саноқли давлатлардан ортда холос.
Тунги Даллас манзараси Фото: Getty Images
Ҳа, агар Техас мустақил давлат бўлса, ҳозир дунёнинг энг бой давлатларидан бири бўларди. Техас ўз вақтида мустақил давлат бўлган ҳам. 1836 йил Мексикадан ажралиб мустақил давлатга айланган Техас 9 йил ўтиб АҚШ таркибига киради. Техас Қўшма Штатлар таркибига қабул қилинган ягона мустақил давлат ҳисобланади. 30 миллиондан ортиқ одам яшайдиган Техаснинг Миллий гвардия, Ҳарбий ҳаво кучлари ва Ички қўшинлардан иборат мустақил армияси бор. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Трамп Гренландиядан Россияга қарши қандай фойдаланмоқчи экани маълум бўлди
Курскда икки нафар шимолий кореялик ҳарбий асирга олинди (фото)
Лос-Анжелесдаги ёнғинларнинг эҳтимолий сабабчиси қўлга олинди
Қозоғистон Марказий Осиё давлатлари орасида ҳарбий қудрат бўйича етакчига айланди
Мўғулистонда ҳукуматга қарши норозилик намойишлари бошланди
Зеленский шимолий кореялик жангчилар асирга олинганини маълум қилди
Jeju Air самолётининг қора қутилари 4 дақиқа олдин ёзиб олишни тўхтатган экан
"Наши" асосчиси: Путиннинг муваффақиятсизликларида амалдорлар айбдор!