00:07 / 30.07.2024
57

Эрдўғаннинг Исроилга таҳдиди қанчалик жиддий?

Эрдўғаннинг Исроилга таҳдиди қанчалик жиддий?
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған турк қўшинлари Фаластинни ҳимоя қилиш учун Исроилга кира олишини айтди. Шундан кейин Исроил ТИВ Эрдўғанга Саддамнинг тақдирини, Туркия ТИВ эса Нетаняҳуга Гитлернинг тақдирини эслатди. Kun.uz ушбу дипломатик кескинлик ҳақидаги саволлар билан сиёсий таҳлилчи Равшан Ғозиевга мурожаат қилди.

— Эрдўған Исроилга кириш ҳақида жиддий айтдими?
— Албатта, сиёсий лидерларнинг риторикаларида маълум бир мақсад ётади. Умуман, кескинлик – Яқин Шарққа хос хусусият ҳисобланади, яъни Яқин Шарқ доимо шундай қайноқ руҳда яшайди, сиёсий лидерлар шундай кучли фикрларни илгари суриб туришади.

Кеча, 28 июл куни Ризе шаҳрида ўтган Эрдўғаннинг партияси йиғилишида у Исроилга кириш мақсадини келтириб ўтяпти. Эрдўған ўз нутқида Туркиянинг ҳарбий қудрати ҳақида таъкидлаб ўтди ва Фаластиндаги можароларга тўхталди. Бу нутқ сўзланаётган жараёнда, Римда Фаластин масаласи билан боғлиқ муҳим учрашув бўлиб ўтаётган эди. Учрашувда Моссад, МРБ, Қатар ва Америка махсус хизматлари раҳбарлари Ғазонинг кейинги тақдири нима бўлиши ҳақидаги масалаларни муҳокама қилишди. Аммо Туркия бу учрашувга таклиф қилинмади ва Эрдўған бунга жавобан ўз чиқишини қилди. Бу ишоравий сигнал ҳам дейиш мумкин.

— Агар вазият чигаллашса, НАТО 5-моддага асосан Исроилга қарши Туркия тарафида туриши мумкинми?
— Бу икки давлат ўртасида вазиятнинг ўта салбий тус олиши қийин, халқаро кучлар иштирокидаги музокаралар билан масала у даражага етиб бормайди. Ёки Туркия НАТОдан чиқиб кетиши мумкин. Қонунан НАТО 5-моддага мувофиқ Туркияни Исроилдан ҳимоя қилиши керак, аммо НАТО Америкага бевосита боғлиқ ташкилот ва АҚШ Исроил билан муносабатларини кескинлаштиришни хоҳламайди.

— АҚШнинг икки давлат ўртасидаги зиддиятда позицияси қандай бўлади?
— АҚШ учун бирор позицияни танлаш жуда қийин бўлади, чунки иккала давлат ҳам ўзининг иттифоқдоши ҳисобланади. Зиддият чиққан тақдирда ҳам, икки томонни яраштира оладиган мамлакатлар сони кўп.

— Туркия ва Исроилнинг ҳарбий қудратини таққослай оласизми?
— Ҳар иккала давлат ҳам ҳарбий салоҳияти юқори бўлган давлатлар.

Туркия Global Firepower индексида 8-ўринда қайд этилган. Туркиянинг ҳарбий саноати ривожланган, Сурияда, Ливияда жангларда иштирок этмоқда. Мамлакат 85 миллионга яқин аҳолига эга. Исроилнинг ҳарбий салоҳияти эса юқоридаги рейтинг бўйича 17-ўринда турибди, аммо Исроил – бевосита АҚШнинг ҳимояси остида.

Бу вазиятда ўзининг тўғридан тўғри иттифоқчиси ва НАТО бўйича иттифоқчисини яраштириш АҚШга осон бўлмайди. Эрдўған қўшин киритиш ҳақида риторик фикрни таъкидлаган бўлса ҳам, реал ҳарбий ҳаракатлар бошланиши эҳтимоли пастлигича қолаверади.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Эрдўғаннинг Исроилга таҳдиди қанчалик жиддий?